Қозоғистонлик ўқувчилар NASA танловида ғолиб бўлди

Қозоғистонлик ўқувчилар NASA танловида ғолиб бўлди

Қозоғистоннинг иккита мактаб жамоаси нуфузли халқаро танлов — Space Settlement Contest 2025 ғолиби бўлди. Уни NASA ва АҚШ Миллий космос жамияти ташкил қилган. Танловда 25 та давлатдан 26 минг нафардан зиёд ўқувчи иштирок этди. Қозоғистоннинг YURT лойиҳаси биринчи ўринни олди. У Юпитер орбитасида салкам 30 минг нафар одам яшайдиган мустақил станция яратишни кўзда тутади.

Анастасия Цой, 9-синф ўқувчиси:

- Лойиҳамизнинг ўзига хослиги шундаки, биз турли энергия манбаларидан фойдаланамиз, Калисто ва Ганимедга қўна оладиган қўшимча космик кемаларимиз бўлади. Ҳатто 300 йилдан кейин ҳам ҳақиқий станцияларни лойиҳалаштирадиган олимлар, муҳандислар биз ёзган лойиҳадан фойдаланишларини орзу қиламиз.

Қозоғистоннинг «Икарус» лойиҳаси эса иккинчи ўринга сазовор бўлди. Ўқувчиларнинг бу ишланмасига кўра, Юпитернинг энг йирик йўлдоши — Ганимед орбитасида станция қурилади. Ёш қозоғистонликларниг иккала лойиҳасида сунъий гравитация ва мустақил таъминот кўзда тутилган.

Серик Ақилбекули, иқтидорли болалар ва Олимпиада захираси ишлари мувофиқлаштирувчиси:

– Бундай ишланмалар жамоа бўлиб тайёрланади. Лойиҳани яратиш учун ўқувчилар STEM йўналишидаги билимга эга бўлиши керак. Яъни тор соҳаларда, масалан, физика, математика, информатика бўйича техник, муҳандислик малакалари керак. Ўқувчиларимиз Америкада, Орландода бўлиб ўтадиган анжуманга йўлланма олди.

Абдумалик Сарманов таржимаси