Қозоғистонлик ўқувчилар космик лойиҳаси дунёда биринчи ўринни олди

Қозоғистонлик ўқувчилар космик лойиҳаси дунёда биринчи ўринни олди

Қозоғистонлик ўқувчилар Юпитердаги бойликларни қандай ўзлаштириш мумкинлигини билади. Алматидаги Назарбаев заковат мактабининг «Icarus: Baiterek» лойиҳаси Space Settlement Contest халқаро танловининг ғолиби бўлди. Машҳур илмий-муҳандислик танловида  30 давлатдан 23 минг нафар ўқувчи қатнашди. Қозоғистон жамоаси ушбу сайёра тизимига кирувчи Каллисто орбитасида ўзини ўзи таъминлай олувчи станция яратди. Концепцияга сунъий гравитация яратиш, сувни тозалаш ва хлорелла асосида кислород ажратиш киради. Станция космосдаги ҳаётни кузатиш ва глобал муаммоларни ҳал қимлиш учун хизмат қила олади. Шу тариқа, газ гиганти атмосфераси юқори қатламларидан фойдаланган ҳолда, муқобил энергия олиш, уни Ерга мунтазам қатновчи космик кемалар билан етказиб бериш таклиф этилди.


Сабиржан Инкарбек, Назарбаев заковат мактаби ўқувчиси, Алмати:


- Биз бутун эътиборни Юпитерга қаратдик. Чунки уни ўзлаштириш катта даромад келтиради. Юпитернинг кўплаб табиий йўлдошлари бор. Улар бир-биридан узоқ эмас. Турли захираларни олиш учун уларнинг биридан иккинчисига кўчиш осон. Уларда амалда ҳамма нарса бор. Сув, минераллар, энергия етарли. Менимча, келгуси 50-100 йил ичида ғоямиз етарлича жозибадор ва долзарб бўлади. Уни рўёбга чиқариш имкони туғилади.


Бугунги кунда асосан Ой ва Марсга устуворлик берилаётган бўлса ҳам, космик тадқиқотлар сарҳади тобора кенгайиб боряпти. Қозоғистон жамоаси Қуёш тизимининг энг катта сайёраси атмосферасида юз бераётган жараёнлардан фойдаланиш фикрини тақдим этди. Алматилик ўқувчилар чуқур космос сари дарвоза лойиҳасини тайёрлашди. У инсониятнинг Ердан ташқарида жойлашиб олиши, ноёб минералларни ўрганиши учун имкон беради.


Ербўлат Ниятбай, Назарбаев заковат мактаби директори, Алмати:


– Фанга кириб келаётган болалар ниманидир алоҳида ажратиб олишга интилди. Бунда ўқувчиларнинг креативлиги ёрдам берди. Аввал бошқа олимлар кўриб чиқмаган концепция тақдим этилган экан, демак, улар яна бир янгилик яратганини бемалол таъкидлай оламиз.

 

Ёш муҳандислар энди АҚШга йўл олади. Июнь ойида International Space Development Conference халқаро танловида жаҳон экспертларига ишланмаларини тақдим этади.


Абдумалик Сарманов таржимаси