Алматида китоб берувчи автоматлар ўрнатилди

Алматида китоб берувчи автоматлар ўрнатилди

Алматида автоном кутубхоналар ташкил этилди. Шаҳар аҳли анъанавий кутубхоналарга бормасдан ҳам ўзлари ёқтирган китобларни олиб ўқишлари мумкин. Мегаполиснинг жамоат жойлари — метро станциялари, аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари, савдо ва ёшлар мулоқот марказларига 24 та замонавий китоб берувчи аппарат ўрнатилди. Уларнинг ҳар бирига 250 та китоб сиғади. Хизматдан фойдаланиш учун қўлингизда китобхон билети бўлса кифоя. Ҳар куни китоб олаётганлар қаторида Аружан Диханшиева ҳам бор. У бир ойдан буён автоном кутубхонадан китоб олиб ўқийди. Бештасини тугатишга улгурди. Унда ажойиб классик ва замонавий асарлар жамланган, дейди у.


Аружан Диханшиева, Алмати шаҳридан:


- Мен китоб ўқишни ёқтираман, авваллари уларни харид қилишга кўп пул сарфлардим. Автоном кутубхоналардан эса ўзимга ёққан китобларни олиб ўқишим мумкин. Айни вақтда, учтадан кўп китоб ҳам олиш имкони бор.


Шунингдек, китобсеварлар зарур асарларга буюртма бера олишади. Кузатиш системаси эса уларнинг вақтида қайтарилишини таъминлайди.


Улан Ўразғалиев, Электрон кутубхона захиралари хизмати раҳбари ўринбосари /Алмати шаҳри/:


- Китобхон билетини Алматидаги 26 та филиалнинг исталганидан олиш мумкин. Унинг ёрдамида китобларни аппаратдан 2 ҳафтага олиш мумкин. Шунингдек, аппаратдаги шахсий кабинетда фойдаланиш муддатини узатиш мумкин. Ҳамма китоблар назорат қилинади. Аммо улардан фойдаланиш муаммо чиқармайди.


Экспертлар таъкидлашича, автоном кутубхоналар ёшлар учун қулай имкониятга айланиши мумкин. 


Абдумалик Сарманов таржимаси.