Астанада бешта лабораторияга эга янги Лу Бань устахонаси очилади. Лойиҳа хитойлик ҳамкорлар билан бирга Евроосиё Миллий Университети базасида рўёбга чиқариляпти. У янги авлод мутахассислари тайёрлашга мўлжалланган. Марказ тузилмаларида машина нигоҳи, гуманоидлар, робототехника, дронлар ва юқори самарали ҳисоблар лабораториялари иш юритади. Кадр базаси иш бошлаш арафасида. 15 та ўқитувчи Тяньцзинда таълим олди, маълумотлар таҳлили, учувчисиз технологиялар, AI-агентлар билан ишлаш малакаларини ўрганди. Улар саноат корхоналаридаги амалиётни назарий билимлар билан уйғунлаштирди. Майдонча қисман ишлай бошлади. Талабалар амалий лойиҳалар билан шуғулланяпти, шу жумладан, алгоритмлар ёрдамида чиқиндиларни саралаш, ўсимликлар аҳволини ўрганиш ишини бажаряпти. Устахонада жами 1 минг 200 та талаба ишга жалб қилиниши кутиляпти. Таълим даргоҳида таъкидлашларича, IT-кадрлар тайёрлаш рақамли соҳада мамлакат рақобатбардошлигини оширади.
Гульмира Бекманова, Л. Н. Гумилёв номли Евроосиё Миллий Университетининг рақамлаштириш бўйича проректори:
- Университетнинг асосий мақсади – талабаларда турли соҳаларда сунъий интеллектдан фойдаланиш малакасини шакллантириш. Ҳозир биз фанлараро тадқиқотлар устида ишлаймиз. Лабораторияларга ўз соҳаси бўйича ўқиши керак бўлган талабалардан ташқари, бошқа мутахассисларни ҳам киритамиз. Ўтган йили университетда катта ишлар амалга оширилди. Барча дастурларга сунъий интеллектга оид фанлар киритилди. Жами 200 тадан зиёд таълим курслари тайёрланди.
Сунъий идрокни академик муҳитга жорий этиш масаласида махсус халқаро форум ўтказилди. Олимлар таъкидлашича, янги технологиялар таълим ва илмий тадқиқотларни жадаллаштиради. Шу билан бирга, танқидий фикрлаш ва ўзликни сақлаб қолиш масаласи юзага чиқади. Мутахассислар фикрича, сунъий интеллект талабалар ва ўқитувчилар учун янги имкониятлар очади, айни вақтда, ундан фойдаланишда диққатли бўлишни талаб қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

