Қозоғистонга доир ноёб маълумотлар топилди

Ҳиндистонда топилган Абулхайрхон ҳақида ёзилган ноёб китобнинг бир нусхаси Қозоғистон пойтахтига келтирилди. Тарихчилар таъкидлашичаушбу китобда 18-асрда яшаган кичик жуз хони Абулхайрхон эмас, шайбонийлар сулоласи вакили бўлган, 15-асрда, қозоқ хонлиги тузилишидан аввал мамлакатимиз ҳудудини ҳам эгаллаган улкан давлат ҳукмдори тўғрисида қатор маълумотлар берилган, унинг ҳаёти ҳикоя қилинган. Беш юз саҳифали қадимий қўлёзма форс тилида ёзилган.
Алмат Абсалиқов, қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази бош эксперти:
- Ўша вақтларда бу давлат таркибида найман ва жалоирлар ҳам яшаган. Китобда мамлакатимиз тарихига оид бир қанча қимматли маълумотлар бор. Ушбу асар 1541-1555 йилларда ёзилгани аниқланган. Китоб муаллифи - Маъсуд ибн Усмон Кўҳистоний. Асар Шайбонийлар давлатининг ўша даврдаги ҳукмдори Абдуллатифхон топшириғига кўра
ёзилган.

Ҳиндистондан Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази жамғармасига «History of Mongols» деб аталган яна бир ноёб китоб нусхаси олиб келинди. 19-асрда инглиз тилида чоп этилган китобда Жонибек ва Керей, Қосим ва Ҳақназар каби қозоқ арбоблари, ҳукмдорлари ҳақида маълумот бор. Шунингдек, дашт элитаси учун ёзилган ўрта асрларга оид туркий тиббий трактатлар нусхалари олинди.
Жандўс Бўлдиқов, қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази директори:
- Уларда турли кўз касалликларини даволашнинг халқона усуллари баён этилган. У ёки бу кўкат ёки, масалан, туя жунини қандай ишлатиш кераклиги баён қилинган. Биз Шарқ, Хитой ёки Олтой тиббиёти ҳақида гапирамиз. Лекин бизнинг халқда ҳам тиббиёт кучли ривожланган. Мана шундай манбаларни ўқиганимизда бу фикр тўғрилигини кўрамиз.

Таъкидлаш лозимки, хорижий архивларга мамлакат тарихи тўғрисидаги қадимий артефактларни топиш учун йўлланган мутахассислар экспедицияси «Архив-2025» дастурига кўра ташкил қилинган. Ўтган йили Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази ходимлари 10 та давлатдаги жамғармаларни ўрганишга муваффақ бўлди. Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Миср, Венгрия ва Россияда Қозоғистон тарихи билан боғлиқ уч мингдан зиёд асар аниқланди. Энди қадимий харита, китоб ва фотосуратларни рақамлаштириш вазифаси турибди.