2023 йил
якунларига кўра, давлат ғазнасига божхона тўловлари ва солиқ ҳисобидан 4 миллиард тенгедан кўпроқ маблағ келиб тушган. Йиллик ўсиш деярли 20 фоизни кўрсатган.
Бу ҳақда Астанада бўлиб ўтган брифингда республика Молия вазирлигининг Давлат даромадлари
қўмитаси вакили маълум қилди. Елдўс Саудабаев келтиришича, божхона маъмуриятчилигида кўрилган чоралар туфайли мамлакат бюджети 150 миллиард тенгега ошган. Шунингдек, ўтган йили Қозоғистон учинчи давлатлар билан 111 миллиард доллардан зиёдга савдо-сотиқ қилган. Шундан ХХР билан савдо операциялари 31 миллиарддан ортиқ Америка валютасига тенг бўлган. Экспертлар фикрича, бундай натижага рақамли технологиялар жорий этилиши
ва давлат чегарасида божхона тартиблари соддалаштирилиши туфайли эришилди. Масалан, ЕОИИ
ташқи чегарасидаги барча автомобиль назорати пунктларида автоматлаштирилган электрон навбат тизими
муваффақиятли
ишламоқда. Бундан ташқари, Осмоности юрт билан давлат чегарасида хорижий
бланкаларни «Qoldau.kz» платформаси орқали бериш тартиби рақамлаштирилган. Айтилишича,
худди шундай пилот лойиҳа Ўзбекистон билан ҳам йўлга қўйилиши режа қилинган. Шу
билан бирга, ўтказув пунктларида йирик габаритли ва оғир вазнли автотранспорт
воситалари учун ҳам махсус рухсатнома бериш бўйича ишлар жадаллашган.
Елдўс Саудабаев, Қозоғистон Республикаси Молия Вазирлиги Давлат
Даромадлари Қўмитаси Божхона Назорати Департаменти Директори:
- 2024 йилнинг январь-февраль ойларида учинчи
давлатлар билан чегарадаги автомобиль ўтказув пунктларида – булар, биласиз, Хитой, Ўзбекистон, Туркманистон, 162 мингдан кўпроқ автотранспорт воситаси ўтказилган. Айни пайтда, бу кўрсаткич 2023 йилда 1 миллион
автотранспорт воситасига тенг эди. 2022 йилда, статистикага қаралса,
автоуловлар сони 639 мингта бўлган. Шу тариқа, ўтказув қувватида ўсиш 61 фоизни
кўрсатди.
Давлат даромадлари қўмитаси вакили мамлакат транзит салоҳияти ва трансчегаравий савдони равнақ топтиришда кўзда тутилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритди. Бу, хусусан, ўтказув пунктларини модернизациялаш, ЕОИИ ҳудуди бўйлаб етказиладиган маҳсулотларни кузатишда навигацияли электрон пломбалар қўлланишидир. Ва яна – экспорт-импорт операцияларида «ягона дарча» жорий этилиши, шубҳасиз, рақамли ҳужжат алмашинуви ҳисобига қоғозбозликдан воз кечиш ҳам муҳим роль ўйнайди. Экспертлар фикрича, булар барчаси, умуман олганда, Марказий Осиё, Каспий минтақаси ва Кавказорти мамлакатларидаги транспорт йўлакларини жадал ривожлантириш ва оммалаштиришга хизмат қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.