Қозоғистондаги ислоҳотлар - Европа эътиборида

Қозоғистондаги ислоҳотлар - Европа эътиборида

Қозоғистондаги ислоҳотлар Европа диққати марказида. «Марказий Осиё ўзгаришлар даврида» халқаро конферецииясида турли таҳлилий марказлар экспертлари тўпланди. Венада бўлиб ўтаётган анжуманда минтақадаги жараёнлар муҳокама қилиняпти.

Халқаро конференция мавзуси минтақада юз бераётган геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга бағишланган. Аналитиклар фикрича, Европа Марказий Осиё давлатлари билан алоҳида мулоқотда бўлган, аммо минтақа кўп йиллар давомида яхлит ҳудуд сифатида кўрилмаган.

ЭМИЛЬ БРИКС, ДИПЛОМАТИЯ АКАДЕМИЯСИ ДИРЕКТОРИ:

- Минтақада кўпроқ ислоҳот ўтказилаётган, энг яхши таълим, соғлиқни сақлаш тизимига, инфратузилмаларга эга бўлган давлат етакчи кучга айланади. Бу ҳозирда давом этаётган ижобий мусобақа. Шунингдек, минтақадаги барча давлатлар билан бирга ишлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам муҳим. Бу беллашув, лекин ким етакчи, ким эса йўқлиги бўйича эмас, балки шериклик борасида. Ва бу биз Европа Иттифоқи бошқарувида фойдаланадиган тамойиллардан бири.

Ғарблик экспертларнинг муҳокама мавзуси Қозоғистон, аниқроғи, бу ердаги ислоҳотларга қаратилди. Мутахассислар фикрича, ўзгаришлар мамлакатни янги тараққиёт йўлига олиб чиқувчи адолатли ҳукуматни вужудга келтиришга йўналтирилган.

СВАНТЕ КОРНЕЛЛ, АМЕРИКА ТАШҚИ СИЁСАТ КЕНГАШИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВА КАВКАЗ ИНСТИТУТИ ДИРЕКТОРИ:

- Ҳозир ўзгариш керак, чунки тараққиётнинг маълум даражасига эришилди, бунга фақат иқтисодий ислоҳотлар йўли билан етиш мумкин эди. Аммо кўп йиллар илгари давлат етакчилари томонидан белгиланган дунёнинг ривожланган мамлакатлари сафига кириш мақсадига эришиш учун сиёсий ўзгаришлар рўй бермоғи лозим. Ўйлайманки, дадил ислоҳотлар кўзланган, уларни жорий этишда мушкулликлар бўлиши табиий.

Анжуман иштирокчилари фикрига кўра, Қозоғистонда кўпвекторли ташқи сиёсатни ривожлантиришга қаратилган янгиланишлар воситасида барқарор тараққиётни таъминлаш имконияти мавжуд.

РОМАН ВАСИЛЕНКО, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Европа томони Қозоғистон билан келгуси ҳамкорликдан манфаатдор, юртимизда ўтказилаётган ислоҳотларни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашдан манфаатдор, бунинг сабаби шундаки, улар бу ўзгаришлар жамиятни, давлатни ва иқтисодиётни янада барқарорлаштиришга олиб боришини жуда яхши тушунади.

Ғарб экспертларининг назарий қизиқиши, албатта,  жуда аниқ амалий режалар билан қувватланади. Европа Иттифоқи билан шериклик туфайли Марказий Осиё «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва етказиб беришни муваффақиятли амалга ошириши, шу билан бирга, Шарқу Ғарбни – Европа ҳамда Хитойни ўзаро боғловчи тўлақонли хабга айланиши  мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси