Ақўрдада бўлиб ўтган тантанали
йиғилишда Қозоғистон Президент хотин-қизларни
8 март байрами билан табриклади. Қосим-Жўмарт Тўқаев инсониятнинг
гўзал жинс вакилларига жамият ривожига қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик
билдирди, оилавий қадриятлар, миллий анъаналар, ёш авлодни тарбиялашда катта
хизматлар қилаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари Қозоғистон аёллари
қаҳрамонлик, маънавий
қудрат ва ватанпарварлик намунаси эканини таъкидлади. Улар қаторида шонли
ҳукмдорлар – Тўмарис ва
Бўпай хоним, афсонавий оналар Дўмалоқ она, Зере, Улпан, Буюк
Даштнинг қаҳрамон қизлари – Алия, Маншук ва Хиуазлар бор. Уларнинг исмлари мамлакат солномаларига зарҳал
ҳарфлар билан битилган.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ривожланган интеллект ва зийрак қозоғистонликларнинг янги авлодини тарбиялар экансиз, сиз
мамлакатнинг ривожланишига ҳисса қўшасиз. Қозоғистоннинг кўплаб
ютуқлари ортида ажойиб қизлар ва аёллар турганини унутмаслик керак. Бугунги кунда Ақўрдада турли
соҳаларнинг малакали мутахассиси бўлган, мамлакат ривожига катта
ҳисса қўшаётган аёлларни қутлаймиз. Барчангизга самимий миннатдорчилик билдираман!
Президент таъкидлашича, аёллар ва
болаларнинг фаровонлиги мамлакат келажагига бевосита таъсир кўрсатади. Давлат нозик
жинс вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратади. Оилаларга ёрдам
марказлари тузиляпти, кўп фарзандли оналарни қўллаб-қувватлашнинг миллий модели ривожланяпти. Бундай тадбирлар
самарасини беряпти, Қозоғистонда кўп болали оилалар сони ортяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев аёллар турли соҳаларда фаол меҳнат қилаётганини кўрсатди. Давлат
хизматчиларининг ярмидан кўпи, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг 70 фоизидан
кўпроғини аёллар ташкил қилади. Қозоғистонлик аёллар бизнес, армия, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларида ишлайди. Спортчилар халқаро
саҳнада мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қиляпти.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сиздаги
бунёдкорлик қуввати ва мақсадга интилиш энг жасур ғояларни рўёбга чиқаришга йўл
очади. Сиз жамоат ишларига бефарқ эмассиз, фуқаролик
масъулиятини намойиш этаяпсиз. Муҳим ташаббусларни, халқ учун зарур ижтимоий
лойиҳаларни рўёбга чиқараяпсиз. Ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашасиз, ижобий натижа
учун фидокорона ишлайсиз.
Ўз нутқининг ниҳоясида Қосим-Жўмарт
Тўқаев мамлакат ривожига салмоқли ҳисса қўшган аёлларга
давлат мукофотлари топширди. Биринчи марта «Қозоғистонда хизмат кўрсатган қурувчи» ва «Қозоғистонда хизмат кўрсатган саноат арбоби» унвонлари топширилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

