Экологлар ташвишда. Қозоғистондаги қор барслари сони кескин камайиши мумкин. Улар айтишича, илвирслар янги макон топиш учун Қирғизистон, Хитой ва Монголияга кўчяпти. Мутахассислар бунинг сабабини шундай изоҳлайди.
Сакен Дилдахмет, эколог:
- Бизда улкан муаммо туғилди – тоғли жойларда инфратузилмалар пайдо бўлди, меҳмонхона, йўллар қурила бошланди. Буларнинг ҳаммаси ёввойи жониворларни безовта қилади ва улар бошқа давлатларга кўчиб кета бошлади. Қозоғистонда яшаётган илвирслар Қирғизистон, Монголия ва Хитой учун ҳам умумий. Жониворлар мунтазам кўчиши мумкин.
Қор барслари учун браконьерлар ҳам муаммо яратади. Фотоқопқонларда суратга олинган жониворларни сақлаб қолиш учун мутахассислар турли ҳийлалар ишлатяпти. Масалан, улар туширилган видео ёки суратларни тарқатишдан аввал дизайнерлар ландшафт манзарасини ўзгартиради, шунда овчилар улар қаерда эканлигини била олмайди.
Аян Мейраш, Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий захиралар вазирлиги ўрмон хўжалиги қўмитаси матбуот котиби:
- Сўнгги бир неча йил давомида барсларни ноқонуний овлаш ҳолатлари кузатилмади. Қозоғистонда барс Қизил китобга киритилган, жаҳон бўйича овлаш тақиқланган. Браконьер сота олмайди.
Сакен Дилдахмет, эколог:
- Маҳаллий аҳоли иштирок этадиган грант лойиҳалар учун маблағ ажратиш керак. Масалан, Монголияда одамлар бемор ёки яраланган қор барсини топиб, ҳукуматга хабар берса, давлат томонидан пул мукофоти олади.
Экологлар таъкидлашича, Қозоғистонда илвирсларни ўрганиш ва популяциясини тиклаш учун самарали дастур лозим. Шуни айтиш керакки, расмий маълумотга кўра республикада 130-150 та илвирс яшаб келмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси