Қозоғистонда ҳарбий захира ташкил қилинади. Улар турли йиғинлар ва машқларда ҳарбий хизматчи мақомини олган оддий фуқаролардан тўпланади. Сенаторлар ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунга ўзгаришларни маъқуллади. Биринчи босқичда 2 минг нафар аскар тайёрланади. Захирага аъзо бўлиш кўнгилли равишда амалга оширилади. 3 йиллик контракт тузилади. 57 ёшгача бўлган захирадаги офицерлар, 47 ёшгача бўлган солдат ва сержантлар бу хизматга кириши мумкин. Йилига кўпи билан 60 кунлик ҳарбий машқлар ташкил этилади. Захира ҳарбийларига иш жойи ва лавозими сақланган ҳолда ойига энг кам маош миқдорида ҳақ тўланади. Харажатлар бюджет ҳисобидан қопланади. Захирадагилар учун хизмат ҳудуди яшаш жойига кўра белгилаб берилади. Мудофаа вазирлигида захирада хизмат қилишни истовчилар кўп бўлиши тахминланаяпти.
Султан Камалетдинов, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари - Қозоғистон Республикаси Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи:
- Биринчи, ҳар бир хизматчи Ватанни мудофаа қилиш каби ўзининг конституциявий бурчини бажараётганидан фахрланади, бу уни руҳлантиради. Иккинчидар, ҳар бир эркак армияда хизмат қилаётганидан, уйини, оиласини, юртини ҳимоя қилаётганидан мамнун бўлишини тушуниб турибмиз. Учинчидан, захирадагилар ўзлари яшайдиган ҳудуддаги ҳарбий қисмларга рўйхатга қўйилади, яъни, яшаш жойидан узоққа кетиши талаб қилинмайди.
Сергей Ершов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:
- Захирадаги аскарларга тўла ҳажмда тиббий ёрдам кўрсатилиши, озиқ-овқат таъминоти, бирорта жароҳат олганида тегишли ҳажмда товон тўланиши, 2016 йилдан кейинги давр бўйича йил сайин пенсия тўловлари индексацияланиши кўзда тутилган. Етарлича вақт давомида хизмат қилган куч ишлатиш тузилмалари ходимлари контракт тугагандан кейин пенсия тўловлари олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

