Бош вазир раислигидаги Тошқинга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш республика штаби ғарбий минтақалардаги вазиятни муҳокама қилди. Прогнозга кўра, бу ҳудудда тошқинларнинг иккинчи тўлқини юз бериши мумкин. Ёйиқ ва Сақмара дарёларининг юқори қисмида эриган қор суви Ғарбий Қозоғистон вилоятига апрелнинг иккинчи ўн кунлигида етиб келиши кутиляпти. Ҳозир Уральскда Ёйиқ дарёси сатҳи 728 сантиметрга кўтарилди. Йўл қўйиш мумкин бўлган энг юқори кўрсаткич - 850 сантиметр. Атирау вилоятига эса сув ойнинг учинчи ўн кунлигида етиб келади. Балонинг олдини олиш, қутқарув ишларини ташкил қилиш учун Ғарбий Қозоғистон вилоятига ҳокимликлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардиянинг тезкор хизматчилари сони 6 мингга, Атирауда 4 минг нафарга етказилади. Шунингдек, яна 4 мингта техника бирлиги етказиб берилади. Бош вазир Мудофаа вазири ва Ички ишлар вазирига бу масалани қатъий назоратда тутишни топширди.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Шимолий Қозоғистонда
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр Шимолий Қозоғистондаги вазиятни ва тўғонларнинг аҳволини кўздан кечирди. Тошқин юз бериши эҳтимоли катта бўлган ҳудудлардаги тўсиқлар қурилиши якунланди. Минтақадаги 160 километр канал чуқурлаштирилди. 15 километр тўғон мустаҳкамланди. Тезкор гуруҳлар улар аҳволини кузатиб боряпти, энергетикларга тошқи даврида электр қуввати етказиб берилишини таъминлаш топширилди. Шу билан бирга, Петропавловскдаги вазият дронлар ёрдамида мунтазам кузатилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ҳеч ким қолиб кетмаганига ишонч ҳосил қилиш учун аҳолиси эвакуация қилинган ҳудудларни яна бир марта текшириб чиқишни топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.