Қозоғистонда янги ўсимлик тури аниқланди

Қозоғистонда янги ўсимлик тури аниқланди. Ғарбий Қозоғистон университети олимлари илмий экспедиция давомида шундай кашфиёт қилди. Улар Атирау вилояти Индер тумани экотизимининг гео- ва ботаник, шунингдек, биогеографик аҳволи ва биохилма-хиллигини тадқиқ этишганди. Натижада астрагалларга кирувчи янги гул топилди. Тез кунларда тадқиқотчилар янгидан кашф қилинган ўсимликнинг илмий тавсифини тақдим этишади. Олимлар фикрича, бу кашфиёт мамлакат ва дунё фани учун муҳим.

Қажимурат Аҳмеденов, М. Утемисов номли Ғарбий Қозоғистон университети проректори:

– Бу тур гулбаргининг жойлашиши, мевасининг ўзига хос тузилиши билан фарқ қилади. Туклари ҳам бошқача. Олачипор астрагал билан қисқакуракли астрагал орасидаги белгиларга эга. Шунинг учун биз уни янги тур сифатида қабул қилдик. Аммо уни ўрганишда давом этишимиз зарур. Бирор турни тўлақонли илмий тавсифлаш учун бир неча йил вақт кетади. Диққат билан ўрганилгач, экспертлар эътиборига тақдим этилади. Морфологик ва ирсий таҳлил қилинади, сўнгра унга ном берилади ва у ўсимликлар дунё базасига киритилади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.