Мамлакат ижтимоий-сиёсий кучлари «Адолатли
ва прогрессив Қозоғистоннинг халқ Конституцияси учун!» умуммиллий коалициясига
бирлашди. Сиёсий партиялар, жамоат
бирлашмалари, касаба уюшмалари вакиллари ҳамда экспертлар таъкидлашича, мамлакатнинг Асосий қонуни лойиҳаси
сиёсий тизимни янада модернизациялашга қаратилган. Коалиция
аъзолари референдум олдидан минтақаларда тушунтириш ишлари олиб бориш ниятида. Алматида
бўлиб ўтган умуммиллий коалиция аъзолари билан учрашувда Бош вазир ўринбосари Аида
Балаева маълум қилишича, Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Адолат, Қонун ва
тартиб тамойилларига асосланган ташаббуслари мамлакат ривожининг янги босқичини
белгилайди. Ижодий зиёлилар билан учрашувда у кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар,
янги Конституциянинг аҳамияти ҳақида батафсил гапирди. Бош вазир ўринбосари
илмий ҳамжамият билан учрашувда янги Бош Қомуснинг интеллектуал миллат
яратишдаги аҳамиятини кўрсатиб ўтди. Устуворликлар қаторида, шу жумладан,
рақамли соҳада фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш кўзда тутилган.
Айни вақтда, Туркистон вилоятида минтақавий коалиция аҳоли
билан бевосита учрашувларга катта эътибор беряпти. Жами икки мингтадан зиёд
учрашув ташкил қилинади. Уларда ўзгаришлар мазмуни баён этилади, саволларга
жавоб берилади. Партия филиаллари қошида ишларни мувофиқлаштириш учун 18 та
коалиция ишлаб турибди.
Қалийма Жантўреева, Amanat партияси
Туркистон вилояти филиали ижрочи котиби ўринбосари:
‒ Аҳоли билан тушунтириш ишлари
олиб бориларкан, коалиция фуқаролар таклифларини ҳам тўплайди. Бу фаолиятнинг
ўзига хослиги шунда: турли ижтимоий гуруҳлар ўз фикрини билдириш имконига эга
бўлади. Коалициянинг ўзига хослиги унинг очиқлиги ва одамларга яқинлигида
намоён бўлади.
Чимкентда эса шаҳар коалицияси офлайн ва онлайн-форматларда
учрашувлар ташкил қилиш ниятида. Бу эса мегаполис аҳлининг имкони борича кўп
қисми тегишли маълумот олиши, фикрини билдириши учун имкон яратади.
Коалиция
аъзолари Қарағанди вилоятида ҳам янги Конституция лойиҳасини муҳокама
қилди. Улар фикрича, ҳужжатда шахснинг
салоҳияти, таълим, фан ва инновацияларнинг ривожланишнинг асосий драйверлари
сифатида аҳамиятига алоҳида эътибор берилган. Қатнашчилар маълумотларни етказиш
учун 800 тадан зиёд тадбир ўтказади. Таъкидлаш лозимки, бундай коалициялар
Қизил Ўрда, Павлодар, Қўстанай ва Қозоғистоннинг бошқа минтақаларида ҳам ташкил
этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

