Мамлакат олимлари Қозоғистон ирсиятини ўрганяпти.
«Генетик қиёфа» қозоғистонликларнинг у ёки бу касалликка мойиллигини олдиндан
аниқлаш, тиббиётни шунга кўра ривожлантириш имконини беради. Назарбаев
Университетда бўлиб ўтган Олий васийлик кенгаши йиғилишида Бош вазирга янги
ишланмалар тақдим этилди. Ўлжас Бектенов илмий
лойиҳаларни тижорийлаштириш учун саноат корхоналари билан
ҳамкорликни кенгайтиришни топширди. Тадқиқотчилар лабораториялардаги фаолиятни
намойиш қилишди. Қозоғистон олимлари ҳозир сунъий интеллект, оптик электроникага
оид инновациялар ва ракка қарши самарали препарат яратиш устида ишлаяпти.
Дўс Сарбасов, National Laboratory Astana Бош Директори:
- Ҳозир биз янги онкопрепарат устида фаол иш
юритяпмиз, Дивиси препарати тадқиқотларининг биринчи ва иккинчи фазаларини
якунладик. Дастлабки олинган натижалар
бизни руҳлантирди, ишларни двом эттиришга қарор қилдик. Маҳсулот Алматида ишлаб
чиқариляпти. Биз эса клиник синовларни ўтказишда давом этамиз. Ушбу ишимиз энг
юқори самара бериши учун қабул қилиниши мумкин бўлган максимал дори дозасини
аниқлаш билан боғлиқ.
Бу Назарбаев Университет олимларининг амбицияли
лойиҳаларидан фақат биттаси. Ай-Ти дастурлари яратувчилари ҳам ғурурланишга арзирли
натижаларга эришди.
Ербўл Абсалямов, Назарбаев Университет Ақлли Тизимлар Ва Сунъий Интеллект Институти Директори Ўринбосари:
- Биз малакамиз, мўлжалларимиз, мақсадларимизни
кўрсатдик. Рўёбга чиқарилаётган лойиҳаларни кўрсатдик. Компьютер нигоҳи, тиббиётда
сунъий интеллектдан фойдаланиш, қўшимча реаллик ва қозоқ тили нутқ моделлари
технологиялари намойиш қилинди. Масалан, «Сўйле» модели менинг нутқимни автомат
шаклда матнга айлантиради. «Тилмаш» автомат таржимон эса нутқни 6
тилга, шу жумладан, қозоқчага ўгиради, тақдим этилган матнни қозоқ тилида
ифодали ўқийди. Биз учун шу кунларда энг муҳим масала – ҳисоб-китоб
қувватларини кенгайтириш, бу йўналишда Ҳукумат фаол ишлаяпти.
Абдумалик
Сарманов таржимаси.