Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Ота-оналар учун долзарб
мавсум давом этмоқда. Пойтахтда яшовчи Салтанат Турдибекова тўртинчи ва биринчи
синфга борадиган икки фарзандини мактабга тайёрлаяпти. Онахоннинг айтишича,
мамлакат бўйлаб ташкил қилинган мактаб ярмаркалари қўл келяпти. Уларда мактаб
учун зарур анжомларни бозордагидан арзон олиш имкони бор.
Салтанат Турдыбекова, она:
- Тайёргарлигимиз сал кечикди, лекин баҳоларнинг ҳамёнбоплиги маъқул келди.
Ўрта ҳисобда бир болага 50 минг, иккита болага 100 минг тенге сарфлаб,
кийим-кечак, концелярия товарларини олаяпмиз. Форма масаласига келсак, оқ ва
қора рангларда кийинтириш керак дейишяпти. Ялтир-юлтир шарт эмас. Дарсларда
қатнашиши учун ҳамма нарса етарли бўлсин. Ота-она тозаликка ҳам эътибор қилиши
зарур. Бола интизомни билгани яхши. Билими масаласида тергаш керак. Буларнинг
ҳаммаси боланинг келажаги учун зарур.
Кам таъминланган оилалар ҳам эътибордан четда қолмайди. Мамлакатдаги бу
тоифага кирувчи 460 мингга яқин ўқувчини кийим-кечак ва ўқув қуролари билан
таъминлаш учун 18 миллиард тенге ажратилди.
Серик Адилбаев, Астана шаҳри таълим бошқармаси раҳбари ўринбосари:
- «Барчага бир хил таълим» дастури доирасида 14 мингдан кўпроқ ўқувчига 41
минг тенге миқдорида бир марталик ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган. У
мактаблардан ота-оналарнинг шахсий ҳисобига ўтказилади. «Мактабга йўл» акцияси
доирасида болаларга таълим учун зарур жиҳозлар солинган рюкзаклар совға
қилинади. Масалан, ўтган йили 8 минг 12 та болага ёрдам берилса, жорий йилда 8 минг 500
та бола учун маблағ ажратилди.
Жорий йилда 3,9 миллион оқувчининг 364 минг нафари биринчи марта мактаб
остонасини босиб ўтади. Давлат раҳбари топшириғига кўра, бошланғич синф
ўқувчилари тўлиқ бепул таом билан таъминланади. Таълим дастурига ҳам қатор
ўзгаришлар киритилиши режалаштирилган. Шу жумладан, тилларни ўқитишда
мавсумийликка риоя қилинади. Эслатамиз, 1-синфда фақат битта тил ўргатилади. Иккинчи
синфдан рус, учинчи синфдан инглиз тили қўшилади. Юқори синфларда ҳам
ўзгаришлар бор.
Биби Абилкаримова, Қозоғистан Республикаси Маориф вазирлиги ўрта таълим қўмитаси
бош эксперти:
- Жорий йилдан бошлаб қозоқ тилида таълим бериладиган мактабларда давлат
тилидан имтиҳон олинади. Рус тилида таълим бериладиган мактабларда эса қозоқ
тили ва адабиётидан имтиҳон олинади. Қандай даражада? Асосий ўрта таълим
масканларида 5-8-синфлар, умумий ўрта таълим даргоҳларида 10-синф доирасида. Яъни
давлат таълим стандартига асосланган ҳолда гапириш, ўқиш, ёзиш малакаси
текширилади.
Биринчи сентябрда 52 та янги мактаб
тантанали равишда очилади. Йил охиригача яна 102 та таълим даргоҳи фойдаланишга берилади. Мутахассислар
фикрича, шу тариқа уч сменали ва авария ҳолатидаги мактаблар муаммосига барҳам
берилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.