Қозоғистонда яна 9 та ТЭМ объекти қурилади

Қозоғистонда яна 9 та ТЭМ объекти қурилади

Қозоғистонда жорий йилда яна бир қанча тикланувчи энергия манбалари ишга туширилади. Умумий қуввати 455,5 МВт бўлган бу объектларнинг бештаси шамол, иккитаси ва иккитаси қуёш қуввати билан ишлайди. «Яшил» объектларга киритилган инвестиция ҳажми 360 миллион долларни ташкил қилади. Энергетика вазирлигида маълум қилишларича, натижада мамлакат энергетика балансида муқобил энергия улуши ортади, углерод чиқиндиси камаяди.  Таъкидлаш лозимки, мамлакатда ўтган йили умумий қуввати 163 МВт бўлган саккизта ТЭМ объекти ишга тушди.


Жаслан Қасенов, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги департамент директори:


- Ўтган йили 163 МВт қувват берувчи объектлар фойдаланишга топширилди. Жорий йилда янада кўпроқ қувват берувчи корхоналар ишга тушади. 2025 йил якунига кўра, 450 МВт тикланувчи энергия тақдим этилиши кутиляпти. Биз ХХР билан Қозоғистонда умумий қуввати 1,8 Гвт бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида ҳукуматлараро шартномага эришдик. Қатор араб компаниялари Жамбил вилоятидаги йирик шамол электростанциясига инвестиция киритиш ниятида.


Қозоғистон ТЭМ ривожланиши бўйича Марказий Осиёда пешқадамлик кўрсатяпти. Режага кўра, муқобил манбалардан олинган энергия улуши 2025 йилда 6 фоизга етиши лозим эди. Аммо ўтган йилнинг ўзида бу кўрсаткич 7 фоизга яқинлашди. Экспертлар фикрича, 2030 йилгача прогноз қилинган 15 фоиз, 2050 йилгача мўлжалланган 50 фоизли кўрсаткичларга бемалол эришилади. Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, республикада ҳозир 153 та муқобил энергетика объекти ишлаб турибди, улардан 62 таси шамол, 46 таси қуёш, 42 таси сув ва 3 таси биогаз ёрдамида ишлайди.


Абдумалик Сарманов таржимаси