2025 йилнинг олти
ойи давомида Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 6,2 фоизга ўсди. Сўнгги 14 йил учун
бу жуда юқори кўрсаткич. Навбатдаги Ҳукумат йиғилишида Серик Жуманғарин маълум
қилишича, иқтисоднинг реал сектори ва хизматларда юксак ўсиш суръатлари
кузатилган. Асосий ҳаракатлантиручи куч: транспорт ва қурилиш. Савдо жонланиб
қолгани кузатилди, тоғ-кон саноати, қайта ишлаш сектори фаол ишлаяпти.
Инвестициялар ҳажми ўтган давр мобайнида аввалги йилдагига нисбатан 19 фоиздан
кўпроққа ошди. Айни вақтда, мамлакат келажагини таъминлайдиган соҳаларга
бораётган сармоя миқдори ортиб боряпти. Таълим, молия, соғликни сақлаш каби
йўналишларга кўп миқдорда капитал киритиляпти. Бундан ташқари, 2025 йилнинг беш
ойида ташқи савдо товар айланмаси 53,5 миллиард долларга етди. Экспорт 30
миллиард долларни ташкил қилди.
Серик Жуманғарин, Қозоғистон
Республикаси Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири:
- Янги ҳосил дон экспорт
35,2 фоизга ортди, дон эквивалентида олганда, 11,8 миллион тонна дон ва ун
хорижга сотилди. Фақат дон экспортига келсак, сўнгги 13 йилдаги энг юқори
кўрсаткич - 9 миллион тоннаси жўнатилди. Асосий экспорт йўналишлари: Ўзбекистон,
Тожикистон. Биз Эрон, Озарбайжон бозорларига қайтдик.
Ҳукумат иқтисод
ўсишини янада рағбатлантириш йўналишларини кўрсатиб ўтди. Улар қаторида нефтни
қайта ишлаш, металлургияни модернизациялаш, уй-жой-коммунал инфратузилмаларни
янгилаш, электроэнергетика, қишлоқ хўжалиги, минерал-хомашё базаси, ноёб-ер металлари
бор. Шунингдек, нефть-газ кимёси, автомобилсозлик, темирйўл машинасозлиги, ўғит
ишлаб чиқариш катта салоҳиятга эга. Ҳукумат йиғилишидан кейин ўтказилган брифингда
Бош вазир Ўлжас БектеновДавлат раҳбарининг Қозоғистон ялпи ички маҳсулотини 2029
йилгача 450 миллиард долларга етказиш бўйича топшириғи амбицияли ва эришиш
мумкин бўлган мақсад эканлигини таъкидлади.
Ўлжас Бектенов,
Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Ўтган йили ЯИМ 286
миллиард долларни ташкил қилди. Жорий йилда бу кўрсаткич 300 миллиард доллардан
ошишини мўлжаллаганмиз. Иқтисодий ўсиш динамиаси сақлаб қолинган тақдирда,
келгуси йилларда биз 450 миллиард долларли маррага ета оламиз. Бунинг учун
мамлакатнинг саноат салоҳиятини кенгайтириш, иқтисодни диверсификациялаш зарур.
«Байтерек» холдинги катта дастурни ишга туширяпти, у иқтисодга қўшимча 8 триллион
тенге инвестиция жалб этиш имконини беради. Яна 1,5 триллион тенге қийматга эга
190 та лойиҳа ишга туширилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

