Қозоғистон ва Европа Иттифоқи 12 миллиард долларга шартнома тузди

Қозоғистон ва Европа Иттифоқи 12 миллиард долларга шартнома тузди

Брюсселда "Қозоғистон – Европа Иттифоқи" давра суҳбати ташкил этилди. Йиғилишда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев икки томонлама муносабатлар стратегик хусусиятга эгалигини таъкидлади. Қозоғистонга жалб қилинган хорижий инвестицияларнинг қарийб ярми Европа Иттифоқига тегишли. Ўтган йили товар айланмаси 45 миллиард доллардан ошди. Мамлакатда 4 мингтага яқин Европа компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Давлат раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига батафсил тўхталди. У Қозоғистон Европани Марказий Осиё, Хитой, Кавказ ва Яқин Шарқ билан боғлайдиган минтақавий логистика марказига айланишга интилаётганини тилга олди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз инфратузилмага, минглаб километрларга чўзилган темирйўл қурилиши ва Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга катта сармоя киритяпмиз. Бу саъй-ҳаракатларимиз Европа Иттифоқининг Global Gateway стратегияси билан уйғунлашиб, Ўрта йўлакни Евроосиё учун асосий ва барқарор хавфсиз магистралга айлантиради.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу ташриф давомида жами 12 миллиард доллардан зиёд бўлган тижорат шартномалари имзоланишини айтди. Давлат раҳбари Қозоғистон тараққиёт банки ва Европа молия институтлари билан логистика инфратузилмаси соҳасида 1 миллиард долларлик келишувни олқишлади. Шунингдек, Қозоғистон Европа Иттифоқининг ўта муҳим хомашё захиралари рўйхатига киритилган 34 та минералдан 21 тасини етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мамлакатимиз йирик уран ишлаб чиқарувчи сифатида дунё эҳтиёжининг қарийб 40 фоизини қоплайди. Нефть, газ ва кўмирнинг салмоқли захираларига эга бўлган ҳолда, «яшил» водород ишлаб чиқариш лойиҳасини бошладик. Бундан ташқари, Қозоғистон ҳудудида литий, никель, ванадий ва кобальтнинг ҳали ўзлаштирилмаган катта конлари мавжуд. Ҳамкорларга прагматик формула таклиф қиламиз: стратегик захиралардан фойдаланиш имконини инвестиция ва технологияларга алмаштирайлик. Бу ёндашув Европа стандартларига тўлиқ мос келади.

Президент европалик ҳамкорларни чорвачилик, ғалла селекцияси ва қўриқ ерни ўзлаштириш технологиялари каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга чақирди. Шунингдек, у Европа Иттифоқи фан ва таълим соҳасида етакчи ҳамкорга айланганини таъкидлади. Давлат раҳбари нутқининг якунида бугунги муҳокамалар томонларнинг стратегик шериклик борасидаги позициялари муштарак эканини яна бир бор тасдиқлаганини тилга олди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.