Қозоғистонда венчур инвестициялар экотизими фаол ривожланяпти. Республика ўтган йил якунларига кўра Марказий Осиё ва Кавказда венчур шартномалари бўйича пешқадамлик кўрсатди. Рақамларга келсак, минтақада эришилган жами 110 миллион доллар ҳажмидаги келишувларнинг 80 миллионини Қозоғистон улуши ташкил қилади. Бир йил ичида Астана венчур клуби фаолияти туфайли резидентларнинг стартапларга киритган маблағи 300 минг долларга етди. Шунингдек, 6 лойиҳа муваффақиятли ишга туширилди.
Нурасил Жарбасов, Astana Venture Club асосчиси ва раҳбари:
– Биз бизнес-фаришталари мактабининг иккита навбатини чиқаришга улгурдик. Ўтган йили юз нафарга яқин тингловчига дарс бердик. Битирувчиларимиз бир қанча шартномалар имзолашга улгуришди. Гап айнан бу борада фаол ишлаш ниятида бўлган, салкам 40 кишилик резидентларимиз ҳақида кетяпти. Биз кичик маблағ билан лойиҳаларга киришга чақирамиз.
Таъкидлаш лозимки, венчур инвестицияларида таваккал қилишга тўғри келади. Аммо бу молиявий қурол улкан даромад келтириши мумкин. Агарда стартап йўлга тушиб кетса, катта даромад олиш имконияти туғилади. Бизнес-фаришталарнинг тақдим этган маблағи стартапларни тезроқ ривожлантириш ва янги бозорларга олиб чиқиш имконини беради. Инвесторларга аввало айти, молия, сунъий интеллект билан боғлиқ лойиҳалар қизиқтиради. Бунда фақат инвестор ва стартаперларгина эмас, улар маҳсулотидан фойдаланувчилар ҳам даромад олади. Қозоғистонлик ёш айти-мутахассислар интерфаол тақдимотлар яратиш ва ўтказиш бўйича инновациявий майдонча яратди. Astana Hub халқаро технопарки резидентлари уларнинг маҳсулоти бозор талабларига мослигини исботлашга улгурди.
Бақдаулет Тиғинбаев, стартап лойиҳа асосчиси:
– Нотиҳимиз 2000 кишилик аудитория қаршисида сўзга чиқди ва 25 дақиқада йиғилганларга 1,5 миллион тенгега маҳсулот сота олди. Ишимизни йириклаштириш арафасидамиз ва 150-200 минг доллар инвестиция жалб этмоқчимиз. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар, бизнес-фаришталардан, шу жумладан, венчур жамғармаларидан енгил коммитлар олдик.
Эслатамиз, инновациялар ва технологик тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч сифатида венчур капиталини ривожлантириш зарурлиги тўғрисида Давлат раҳбари бир неча марта гапирди. Соҳага халқаро ўйинчиларни тортиш лозим. Экспертлар таъкидлашича, бунда дунё бозорларида ўзини кўрсата олган стартаплар катта ўрин тутиши аниқ.
Абдумалик Сарманов таржимаси.