Қозоғистонда вакцина танқис эмас

Қозоғистонда вакцина танқис эмас

Қозоғистон ҳукумати ёз ойларида СOVID-19 га оид вазият қандай бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги сценарийларни эълон қилди. Ижобий прогнозга кўра, июндан сентябргача беморларнинг умумий сони 60 минг кишини ташкил қилади. Энг ёмон эҳтимолга кўра, беморлар сони 95 мингга етади. Қайси бири кузатилиши коронавирусга қарши қанчалик фаол эмланишга боғлиқ. Республикада 3 миллион фуқаро Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига риоя қилди. Уларнинг учдан бир қисми ҳар икки компонентни олган. Тегишли вазирлик раҳбари Алексей Цой маълум қилишича, Қозоғистонда вакцина етарли, захира кун сайин ортиб боряпти. Яъни мамлакатда препарат тақчил эмас.

Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:

- Бугунги кунга келиб, эмлаш пунктларига етарлича зардоб дозаси келтирилган. Биринчи компонентдан 320 минг, иккинчи компонентдан 650 минг доза. Қарағанди фармацевтика мажмуасида ишлаб чиқарилган 1,7 миллион “Спутник V” тегишли муддатда вилоятларга етказиб берилади.

Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари Асқар Мамин аҳолини вакциналаш суръатларини кенгайтириш, хавфли касалликка қарши курашишда рақамли технологиялардан фойдаланишни топширди. Унинг таъкидлашича, вакцинация тўғрисидаги маълумотлар «Ashyq» мобиль иловасида ҳам, фуқаролар учун ҳукуматнинг «Egov» порталида ҳам бўлиши лозим.

Абдумалик Сарманов таржимаси