Қозоғистоннинг QazVac препарати Швейцарияда рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институти бош директори Кунсулу Закарья таъкидлашича, хорижликлар мамлакатда ишлаб чиқарилаётган вакцинага қизиқиш билдирган, ҳатто ташқи ишлар, савдо ва интеграция вазирликларига тегишли таклифлар билан чиққан. Швейцарияликлар QazVacнинг Африка давлатлари ва Лотин Америкасига чиқишда ҳамкорлик қилиш ниятида.
Андре Пардо, Фармкомпаниянинг европа бўйича вице-президенти:
- Менимча, Президентингиз тилга олган янги иқтисодий чора-тадбирлар иқтисодиёт барқарор ва рақобатбардош бўлишига, мунтазам ўсишига хизмат қилади. Бу эса соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритиш имконини беради. Биз Қозоғистон халқи саломатлигини мустаҳкамлаш учун замонавий, ҳамёнбоп ва юқори сифатли дори-дармон ишлаб чиқариш соҳасида бирга ишлай оламиз. Маҳаллий вакцина ишлаб чиқилгани ва одамлар у билан эмланаётгани ҳам юксак ютуқлардан.
Таъкидлаш лозимки, ҳозир Қозоғистон вакцинасини дельта-штаммга қарши курашга мослаштириш устида иш олиб бориляпти. Бу ишлар ниҳоясига етгач, БССТга тасдиқлаш учун топширилади. Яқин келажакда халқаро ташкилот вакиллари Жамбил вилоятидаги вакцина ишлаб чиқарувчи завод фаолияти билан танишади. Фақат шундан кейингина расмий рўйхатдан ўтказиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси