Ҳозир Қозоғистонда 57 нафар уруш қатнашчиси умргузаронлик қиляпти. Улардан тўрт нафари Қўстанай вилоятида. Барчалари юз йиллик юбилейини нишонлаган. Шу кунларда уларнинг олдига меҳмонлар келяпти, илиқ сўзлар айтиляпти,
уруш йилларидаги жасорат ва фидокорлик учун миннатдорчилик изҳор этиляпти. Улар ҳамиша Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш
намунаси бўлиб қолаверади. Эслатамиз, Қўстанай вилоятидан фронтга 73 минг одам кетганди.
Михаил Подоляков, уруш
фахрийси:
- Уруш
қатнашчисини зиёрат қилганингиз учун раҳмат. Жуда миннатдорман.
Қумар Ақсақалов, Қўстанай вилояти
ҳокими:
- Биз уруш
йилларидаги фидокорлик учун вилоятимиз, мамлакатимиз аҳлидан миннатдормиз.
Шарқий Қозоғистон вилоятида
олти нафар уруш қатнашчиси қолган. Улар ва
фронторти меҳнаткашлари учун концертлар, махсус парадлар, ёшлар
билан учрашувлар ташкил қилиняпти. Улар барчамизни
тарих билан боғлаб турибди. Умри жасорат мактабига айланганлардан бири - Александра Саратовцева. Ҳозир у 101 ёшда. Фронтга 19 ёшида кўнгилли бўлиб кетган, муҳандислик
қисмларида хизмат қилган. Душман ўқи остида кўприклар ва истеҳкомлар
қурган, ярадорларга ёрдам берган, дала шароитида яшаган.
Александра
Саратовцева, уруш
фахрийси:
- Катта кўприклар
қурганмиз. Лекин кир ҳам ювганмиз, овқат ҳам пиширганмиз. Ҳамма ишни қилганмиз.
Минтақада юзлаб фронторти меҳнаткашлари яшайди.
Иван Гагарин уруш вақтида ҳали ёш бола эди, лекин катталар билан тенг ишлаган. Миллий
гвардиячилар у учун концерт берди.
Иван Гагарин, фронторти меҳнаткаши:
- Уруш вақтида
ҳамма ишларди. Бригадамизда фақат болалар бўлган. Бундай
бригадалар далада ишлаган, бузоқ боққан, пичан ўрган,
колхозда шундай эди.
Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон қўшни давлатлар ичида фахрийларни моддий
қўллаб-қувватлаш бўйича пешқадам. Жорий йилда,
қаерда яшашидан қатъи назар, ҳар бир уруш қатнашчисига 5 миллион тенге
берилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

