Қозоғистон Халқаро Оролни қутқариш фондига раислик қилади

Қозоғистон Халқаро Оролни қутқариш фондига раислик қилади

2024 йилдан халқаро Оролни қутқариш фондига раислик қилиш ҳуқуқи Қозоғистонга ўтди. Бу уч йил давом этади. Шу давр мобайнида мамлакатимиз ушбу сув ҳавзасига доир экологик муаммоларни ҳал этишда Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, бошқа халқаро ташкилот ва молиявий тузилмалар билан ҳамкорликни чуқурлаштиришни кўзлаган. Биргаликда фақат Оролни қутқаришгагина эмас, балки бутун минтақага салбий таъсирни камайтириш, Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган илмий-амалий дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш режа қилинган. Айтиш жоиз, 30 йил ичида жамғарма Орол денгизи ҳавзасида учта дастурни, 400 та лойиҳани муваффақиятли тарзда ҳаётга татбиқ қилди, уларнинг 80 фоизи кутилган самарани бермоқда.

Марат Нарбаев, Сув захиралари департаменти раҳбари:

- Бунда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва, албатта, Ўзбекистон фаол иштирок этди. Барча 5 давлат фаол қатнашди. Тўртинчи дастур илгари амалга оширилган лойиҳалардаги камчиликлар ҳисобга олинган ҳолда, ишланган. Ҳозирда минтақавийликка аҳамият берилмоқда.

Қозоғистонда Бутунжаҳон банки билан ҳамкорликда Шимолий Оролни сақлаб қолишга доир лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлаш кўзланган. Бундан ташқари, раислик муддати мобайнида сув-энергетика консорциумини барпо этиш режа қилинган. Энергетика тизими ва давлатлараро сув хўжалиги комиссияси эндиликда бир бутун, бирлашган тузилмага айлантирилади. Экспертлар фикрича, бу Марказий Осиёда энергетика ва сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларни самарали ҳал қилиш имконини беради.

Мусилим Жиенбаев, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазирликлари департамент директори:

- 2021 йилда 4-дастур - ПБАМ-4 қабул қилинди. Бу дастурда 4 та йўналиш бўйича лойиҳалар кўзда тутилган. Бу – сув захираларидан фойдаланиш мажмуаси, экология, ижтимоий-иқтисодий ва ҳамкорлик механизмини таколмиллаштириш йўналишлари. Ушбу дастурга 24 та минтақавий лойиҳа, 34 та миллий лойиҳа киради. Қозоғистон раислиги даврида мазкур лойиҳалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун бор куч-ғайрат сарфланади.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.