Жорий йилда Қозоғистонда 80 тадан
зиёд вокзал модернизация қилиняпти. Республикада темирйўл объектларини
реконструкция қилиш ва янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар давом этяпти. Энг
муҳим транспорт инфратузилмаси лойиҳаларидан бирини амалга ошириш доирасида
жами 124 та объектда фаол иш давом этяпти. 42 та эски бино ўрнига замонавий,
энергетик самарали объектлар қуриляпти. Алматидан Шимолий Қозоғистонгача бўлган
қатор минтақаларда иш суръатлари фаоллаштириляпти. Янгиланган вокзаллар
Қозоғистон транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Замонавий темирйўл тугунлари Хитой ва Европани Қозоғистон ва Каспий орқали
ўзаро боғловчи Ўрта йўлакнинг муҳим элементлари ҳисобланади. Истиқболда бу
дастур логистика ривожига янги туртки беради, мамлакат рақобатбардошлигини
оширади, Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи транзит хаб сифатида
аҳамиятини оширади.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон
Республикаси Бош вазири:
- Жорий йилда темирйўл вокзаллари
модернизацияси ва реконструкцияси бошланди. Қисқа муддатда пудратчилар
аниқланди, улар билан ҳокимликларга мос шартлар асосида ишларни тўла амалга
ошириш тўғрисида шартномалар тузилди. Ҳукумат бу вазифа бажарилиши учун ҳамма
шарт-шароитларни яратди. Қурилиш ишлари ўз вақтида, сифатли тарзда ниҳоясига етказилиши шарт. Бу топшириқ
бажарилиши учун маҳаллий ижро органлари раҳбарлари шахсан масъул.
Абдумалик Сарманов таржимаси

