Қозоғистонда кўмир химияси ривожлантирилади. Натижада, қаттиқ ёқилғини чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳалар рўёбга чиқарилади. Ҳозир мавжуд бўлган Химия, кўмир ва технологиялари институти базасида янги марказ иш бошлайди. Унда соҳага оид илмталаб ва инновациявий усуллар ишлаб чиқилади. Институт олимлари ҳозир кўмирдан фойдаланишнинг муқобил йўлларини, янги маҳсулотлар олиш имкониятлари бўйича фаол тадқиқотлар ўтказяпти.
Бўлат Ермағамбетов, Химия, кўмир ва технологиялари институти директор:
- Масалан, кўмирдан қишлоқ хўжалиги, дон экинлари учун зарур органик ўғитлар, олиш мумкин. Ҳозир биз бунинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ҳаракатидамиз. Шунингдек, чорва моллари – йилқи, қўйларнинг иммунитетини кучайтирувчи препаратлар тайёрлаш мумкин, натижада турли касалликларга чидамлилиги ортади.
Мутахассислар таъкидлашича, қайта ишланган
кўмирдан 400 дан зиёд турли маҳсулотлар олиш мумкин. Натижада, 20-25 марта кўп
даромад олиш имконияти туғилади. Мамлакатда кўмир захиралари кўп. Аниқроқ қилиб айтсак, 34 миллиард тонна хомашё қазиб олишимиз мумкин.
Бу кўрсаткич бўйича Қозоғистон энг бой давлатлар ўнлигига
киради. Экспертлар прогнозига кўра, фаол ишлатилган тақдирда ҳам кўмир яна бир
неча асрга етади.
Ержан Елекеев, «Kazakh invest» миллий компанияси раиси:
- Кўмир химияси соҳасини ривожлантириш учун тахминан 25-30 миллиард доллар сармоя зарур бўлади. Бунга маблағ жалб этиш мумкин. Фақат масалага стратегик тарзда ёндашиш лозим. Лойиҳаларни бу йўналишда илгарилаб кетган давлатлар, компаниялар билан бирга рўёбга чиқариш лозим. Америка Қўшма штатлари тажрибаси намуна бўла олади, улар шу йўналишга катта маблағ киритяпти. Ёнимиздаги Хитой Халқ республикасида, Европа Иттифоқи мамлакатларида кўп ишлар қилинган. Менимча, келгуси йилгача қатор компаниялар билан шартномалар тузилади, Қозоғистонда инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқарилади.
Жорий йилнинг 4 ойи давомида 36 миллион тонна кўмир қазиб олинди. 6 миллион тоннаси экспорт қилинди. Қозоғистон кўмири асосан Россия, Латвия, Польша, Исроил, Ўзбекистон ва Туркияга юборилади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси.