АЭС қурилиши бўйича референдумга 30 давлатдан кузатувчи келади

Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдумга хорижий давлатлардан келувчи кузатувчилар аризаларини қабул қилиш якунига етди. Жами, 177 нафар кузатувчи рўйхатдан ўтди. 30 та хорижий давлат ва 4 та халқаро ташкилот вакиллари референдум жараёнини кузатади. Шунингдек, Белорусь, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиялари раислари ташриф буюриши кутиляпти

Мухтар Ерман, Марказий референдум комиссияси котиби:

- Умумхалқ овоз бериши жараёнини кузатувчи ташкилотлар қаторида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти,  Туркий давлатлар ташкилоти, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бор.

Референдум жараёни қатор хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади. 38 давлатдан келган 200 нафар мухбир аккредитация қилинди.

Роман Василенко, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари:

- Ташқи ишлар вазирлигида 14 давлатнинг 38 та оммавий ахборот воситасининг 162 мухбири аккредитация олган. Улар референдумни кузатиш ҳуқуқига эга. Вазирлик яна 38 та хорижий мухбирга референдум жараёнида иштирок этиш учун ижозат берди.

Таъкидлаш жоизки, хориждаги қозоғистонликлар учун 61 давлатда 76 та участка очилади. Турли вируслар юқтирмаслиги учун участкалар ходимлари тўлиқ тиббий назорат остида бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси