Қозоғистонда ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларни Pfizer препарати билан эмлаш бошланди. Нур-Султонга 35 минг дозадан ортиқ вакцина келтирилди. Пойтахт жамоатчилик соғлиғини сақлаш бошқармаси маълум қилишича, Америка вакцинаси билан 20 дан зиёд пунктларда эмланиш мумкин бўлади.
Тўрежан Турсун, талаба:
- Мен «Pfizer»ни кутганим рост. Албатта, ўзимни хавфдан холи қилиш учун, келгусида касал бўлмаслик, атрофдагилар ҳам оғримаслиги учун.
Гулфайруз Исқақова, Нур-Султонда яшайди:
– Икки ойлик болам бор, сентябрда туғилган. Ҳомиладорлик чоғимдаёқ вакцина олишни истагандим. Чунки атрофимдагилар коронавирусга қарши эмлаш олган. Мен бу ерга келтирганларини эшитибоқ, «Pfizer» оламан, дегандим. Албатта, препаратнинг болага таъсири ҳақида шифокор билан гаплашдим. Маълум бўлишича, у салбий таъсирга эга эмас, вакцина олишга қарор қилдим.
Эслатамиз, «Pfizer» вакцинасининг битта ампуласи 6 дозага мўлжалланган. Препарат очилганидан сўнг сақлаш муддати - 6 соат, муҳрланган ёки музлатилган ҳолатда бир ойдан кўп бўлмаган вақтга тенг.
Айгерим Ардаққизи, Нур-Султон шаҳар Жамоатчилик соғлиғини сақлаш бошқармаси матбуот котиби:
- Бугун ўзингиз ҳам кўрдингиз, спикерлар айтишди, биз кутдик. Улар ўз терапевтларига қўнғироқ қилади, поликлиникаларни тўплайди, рўйхат тузади, бизни бундан бохабар қилади. Дарҳақиқат, асосан, кўриб турганимиздек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар. Улар чиндан истайди. Болалар билан боғлиқ вазият, албатта, ўзгачароқ, ота-оналар билан кўпроқ суҳбат ўтказилади, яъни улардан ташаббус кутамиз. Аммо, шунингдек, бу контингентга кирмайдиган хоҳловчилар ҳам бор, ҳозирча уларга вакцинация борасида рад жавоби беришга мажбурмиз, чунки бу фақат одамларнинг маълум бир гуруҳи учун.
Айни вақтда, Қозоғистонда Pfizer препарати билан эмланадиганларни кўпайтиришлари мумкин. Оммавий ахборот воситалари билан учрашувда ҳукумат раҳбари Асқар Мамин таъкидлашича, бу борада маҳкамалараро комиссия ишлаяпти. Эҳтимол, шу ҳафтанинг ўзида унинг натижалари эълон қилинади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси