Қозоғистонда барча фуқаролар суғурта полиси
бор-йўқлигидан қатъи назар онкоскринингдан ўтиши
мумкин бўлади.
Мазкур текширув кафолатланган бепул тиббий ёрдам
доирасида кўрсатиладиган хизматлар рўйхатига киритилиши режа қилинмоқда. Бу эса беморларда саратонни эрта босқичларда аниқлаш,
шу орқали қозоғистонликлар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради. Тузатишлар 3,5 миллион фуқарога
тааллуқли бўлиши кутилмоқда. Соғлиқни сақлаш, қимор бизнеси ва ортиқча
қонунчиликни тартибга солишга барҳам бериш масалаларига доир қонун лойиҳасига киритилган ўзгартишлар
пакетида шу ва бошқа янгиликлар назарда тутилган. Мажилис ҳужжатни иккинчи ўқишда қабул қилди. Қонуннинг алоҳида
моддаларида илмий-тадқиқот институтларига шифокор-резидентларни мустақил
равишда ўқитиш, тиббиёт олий ўқув юртлари билан биргаликда тегишли йўналишларда
докторантларни тайёрлаш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган. Ҳужжат кўриб чиқиш учун
Сенатга юборилди.
Даулет Мукаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Депутатлар томонидан эшитиш қобилиятида бузилишлар мавжуд шахсларга ижтимоий кўмак кўрсатишга доир тузатиш киритилган, унга кўра, эшитишида нуқсони бўлган, тиббий сабабларга кўра ногиронлиги бўлмаган шахслар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳокимликлар томонидан эшитиш воситалари билан таъминланади. Қонун лойиҳаси устида ишлаш мобайнида депутатлар, шунингдек, букмекерлик идоралари ёки тотализаторлар рекламаси борасидаги қонунчиликни қатъийлаштиришга доир тузатиш киритди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

