Астанада Озарбайжон маданияти кунлари бўлиб ўтяпти. Тадбир доирасида икки давлат миллий кутубхоналари меморандум имзолади. Ушбу ҳужжат қардош халқларнинг маданий-гуманитар алоқаларини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, Миллий кутубхонада Озарбайжон адабиёти бурчаги очилди. Унда умумий илдизларга эга халқ қадриятлари ва тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи 250 дан кўпроқ китоб бор. Таъкидлаш лозимки, шу кунгача Миллий кутубхонада дунёнинг 27 давлатига тегишли бурчак ташкил этилган.
Ғазиза Нурғалиева, Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси директори:
- Туркий халқларнинг ноёб китоб ва қўлёзмаларидан иборат рақамли кутубхона яратиш бўйича топшириқ олганмиз. Бунинг учун йўл харитаси тузилди, ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Мана шу дастур доирасида ажойиб ҳамкорлик ишлари рўёбга чиқарилади. Озарбайжон Миллий кутубхонаси китобга бой, тарихи чуқур.
Маданий тадбир доирасида Озарбайжон халқ ёзувчиси Элмира Ахундованинг
«Зарифа ва Ҳайдар Алиевлар. Мангу муҳаббат» китобининг қозоқча таржимаси
тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бу асар Озарбайжоннинг собиқ Президенти ва унинг
рафиқасининг 100 йиллигига бағишланган. Муаллиф қаҳрамонларининг намунали
ҳаёти, меҳнати, улар эришган ютуқларини тасвирлаган.
Элмира Ахундова, Озарбайжон халқ ёзувчиси:
- Ҳайдар Алиевнинг хусусий архивида ишладим. Ундаги кўпчиликка маълум
бўлмаган маълумотларни китобимга киритдим. Тарихий ҳужжатлар билан далилланган,
эл-юрт бахти учун хизмат қилган буюк шахслар ҳақидаги ижодим қозоқ
ўқувчиларининг кўнглига йўл топишига ишонаман.
Пойтахт аҳли ва меҳмонлари Озарбайжон маданияти билан чуқур танишди. Тўмарис иконографияси бўйича мастер-класс ташкил этилди. Ҳунармандларнинг ўзига хос асарлари махсус кўргазмада намойиш қилинди. Тадбир меҳмонлари учун Озарбайжон халқ қўшиқчи, раққосалари ҳамда созандалари ижоди тақдим этилди.
Олег Амирбеков, Озарбайжон Маданият вазири маслаҳатчиси:
– Маданият тили ҳамма учун тушунарли, санъат чегара билмайди. Туркий халқлар маданияти ўзаро уйғунлашиб кетган. Мен қозоғистонлик мухлисларнинг санъатимизга қизиқиши катталигини кўриб турибман. Юқори даражадаги ўзаро алоқаларда маданият соҳасининг аҳамияти катта.
Эслатамиз, ўтган йили Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Қозоғистон маданияти кунлари ўтказилганди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси