Европада Қозоғистон киноси кузи

Европада Қозоғистон киноси кузи

Европанинг бешта шаҳрида Қозоғистон фильмлари намойиш қилинади. Миллий картиналар фестивали жорий йилда Париж, Страсбург, Брюссель, Люксембург ва Женевада бўлиб ўтади.

Қозоғистон киносининг тўртинчи фестивали мамлакатимиз ва Франция, шунингдек, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги тантаналарига бағишланди. Форумда режиссёрлар ва актёрлар, юртимиз, француз ва жаҳон киносининг бошқа вакиллари иштирок этди. Парижда Қозоғистон киноси кунлари режиссёр Алдияр Байракимовнинг «Паралимпиячи» спорт драмаси премьераси билан очилди. Бундан ташқари, томошабинлар «Олов», «Буюк Дашт тонги», «Лола» ва «Зоянинг қайтиши» картиналарини томоша қилди. Тадбир дастурига Миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат маркази намойишлари ҳам киритилган.

Бауржан Шукенов, миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат маркази раҳбар ўринбосари:

- Умуман, бундай тадбирлардан кўзланган мақсад – қозоқ киноси қизил йўлакчалардагина эмас, кинотеатрларда ҳам пайдо бўлиши. Бу асосий мақсад, хорижлик томошабин фақат маълум бир воқеаларга эмас, Қозоғистон киносига ҳам эътибор қаратсин, прокатдаги кинога келгандек келсин, билет сотиб олсин, бир сеансда, ёки кинотеатрнинг бутун прокат жадвалида икки-уч ҳафта турганида томоша қилиши мумкин.

Кинофестиваль доирасида жорий йилда илк маротаба Қозоғистон ва Франция кинолойиҳалари танлови бўлиб ўтди. Питчинг доирасидаги лойиҳаларни халқаро ҳакамлар баҳолайди.

Алина Мустафина, режиссёр:

- Мен шунинг учун келдим, чунки бу ерда Қозоғистон фильмларини кўришдан ташқари юртимиз режиссёрлари учун Франциядагилар билан бирга молиялаштириш борасида кўмак олиш имкони мавжуд. Менда Қозоғистон-Франция қўшма лойиҳаси бўлган бадиий фильм бор, шу боис, бу ерга келдим. Эшитишим биланоқ Парижга йўл олдим.

Фестиваль меҳмонларига шов-шув бўлган «Инфинити» сериалининг илк қисмлари намойиш қилинади. Бу қозоқ даштида рўй берган фантастик воқеалар тасвири, француз телеканали суратга олган. Қўшма кино ишлаб чиқариш фестивалнинг асосий мавзусига айланди. Эълон қилинган саккиз картинанинг ярми муваффақиятли ко-продукция маҳсули саналади.

Малгожата Туар, Қозоғистон халқи ассамблеяси дўстлик элчиси:

- Бу Қозоғистон киносининг тўртинчи фестивали, ҳар йили миқёси кенгайиб бормоқда. Қозоғистон киноси ҳақидаги тушунчани кенгайтириш, кенгроқ очиб бериш кино ватани бўлган, санъатни севадиган Франция учун жуда муҳим. Маданият, тамаддун даражасига кўра фавқулодда бой олам бу.

Абдумалик Сарманов таржимаси