Қозоғистонда оммавий эмлаш 1 февралдан бошланади

Антивирус – ҳамма учун! Келаси ой бошидан Қозоғистонда оммавий вакцинациялаш бошланади. Дастлабки босқичда 2 миллион одам эмланади. Умуман олганда, йил охиригача тахминан 6 миллион одам вакцина олади. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, талабалар, сурункали касалликларга чалинганларга эътибор қаратилади. Бугун Ҳукумат йиғилишида хавфли вирусга қарши чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Асқар Мамин тегишли ташкилот раҳбарларига оммавий эмлашга тайёрланишга оид қатор топшириқлар берди.

АСҚАР МАМИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга тиббиёт муассасаларининг 1 февраль куни бошланадиган аҳолини оммавий эмлаш бошланишига тайёргарлигини таъминлаши зарур. Барча эмлаш пунктларида вакцина сақлаш учун тегишли қурилмалар ўрнатилиши шарт. Тиббиёт ходимларини ўқитиш лозим. Бир ҳафта ичида эмлаш пунктлари тайёрлиги ва вакцина мавжудлигини назоратга олишни топшираман.

Вазир Алексей Цой айтишича, мамлакатда COVID-19 тарқалиши бўйича вазият мураккаб. «Сариқ зона»да 2 та вилоят бор, «қизил зона»даги бешта минтақа – Нур-Султон шаҳри, Павлодар, Ақмўла, Қўстанай, Атирау вилоятларига бугун Шимолий Қозоғистон ҳам қўшилди. Ҳукумат йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой коронавирус тарқалишига оид қатор  сценарийлар бўйича прогнозларини айтиб ўтди.

АЛЕКСЕЙ ЦОЙ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ:

- Коронавирус тарқалиши бўйича энг юқори кўрсаткичлар март ойи охирида кузатилиши мумкин. Оптимистик сценарийга кўра, кунлик касалланиш ҳолатлари 3 мингтагача етади.  Жами  24 минг касалхона ўрни талаб қилинади. Бундай вазиятда қатъий карантин чекловларини киритиш шарт эмас. Реал ва пессимистик сценарийларга кўра, кунига олти ва тўққиз минг ҳолат рўйхатга олинади,  45 мингтагача касалхона ўрни талаб қилинади. Яъни КВИга чалинганлар учун кўзда тутилган  52 минг ўринга етмайди, бироқ соғлиқни сақлаш тизимига ҳаддан ташқари катта юк тушмаслиги ҳамда сифатли тиббий ёрдам кўрсата олиш учун қатъий карантин чора-тадбирларини жорий этишга тўғри келади.

Ҳукуматда маълум қилинишича, юртимизда ишлаб чиқарилаётган вакцина клиник синовларнинг учинчи босқичида, самарадорлиги 96 фоиз. Айни вақтда Россиянинг «СПУТНИК V» вакцинаси ҳам синовдан ўтяпти. Бундан ташқари, вакцина чиқариш учун GMP стандартига мос биофармзавод қурилмоқда.