Pfizer вакцинасининг илк партияси Қозоғистонга жўнатилган. Етказиб бериш 15 ноябргача амалга оширилади. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой маълум қилди. Унинг айтишича, коронавирус профилактикаси учун 4 миллион дозада ушбу препарат харид қилинган. Вакцинанинг дастлабки партияси ҳажми 379 мингтани ташкил этиши кутилмоқда.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
- Болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни коронавирус инфекциясига қарши эмлашни таъминлаш мақсадида 4 миллион 230 минг доза вакцина харид қилинди, бу 2 миллион 115 минг одамни қамраб олиш имконини беради. Вакцинацияга 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар, 16-37 ҳафталик ҳомиласи бўлган, фарзанди туғилганига 42 кун бўлган аёллар киради. Comirnaty (Pfizer) вакцинасининг сақланиш хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, 34 та музлатиш ускунаси сотиб олинди ва мамлакатнинг 16 минтақасига етказилди.
Бундан ташқари, тегишли муассаса раҳбари берган маълумотга кўра, 22 ноябрдан юртимизда коронавирусга қарши ревакцинация бошланади. Биринчи навбатда, бу хатар гуруҳидаги фуқароларга тааллуқли.
Абдумалик Сарманов таржимаси