Қозоғистонда олимлар мақоми қонунчилик
билан мустаҳкамланади. Мажилис тегишли
қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжат илмий-техник фаолиятни
такомиллаштиришга қаратилган, лабораториялардан жамоавий фойдаланиш
таъминланишини кўзда тутади. Шунингдек, барча илмий ходимлар учун давлат
буюртмаси доирасида харид қилинган илмий ускуналардан биргаликда фойдаланиш
механизми ишлаб чиқилади. Янгилик фан олимпиадалари ва илмий лойиҳаларда
иштирок этадиган иқтидорли ўқувчиларга давлат университетларидаги
лабораториялардан бепул фойдаланиш имконини беради. Бундан ташқари, илмий
фаолиятни молиялаштириш тартиби такомиллашади.
Асхат Аймағамбетов, Қозоғистон
Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
- Таклиф қилинган меъёрларга кўра, илмий
лойиҳани бошлаш муддати январдан эмас, балки шартнома кучга кирган ҳақиқий
санадан бошлаб белгиланади. Шунингдек, қонун лойиҳаси доирасида Миллий Фанлар
академияси фаолиятидаги қатор тўсиқлар бартараф қилинади. Унинг квазидавлат
сектори субъекти эканлиги қонунда кўрсатилади. Натижада, мулк шакллантириш
тартиби аниқ белгиланади, бошқарув механизмлари тизимлаштирилади ва
молиялаштиришнинг барқарор манбалари таъминланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

