Ақўрдада жаҳон
саҳнасида юқори натижаларга эришган Қозоғистон ўқувчилари шарафланди. Президент
Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашувга 24 та халқаро олимпиада ғолиблари таклиф
этилди. Уларнинг тўрт нафари олтин, 11 нафари – кумуш, 9 нафари бронза медаль
олган. Ўқувчилар химия, математика, физика, география, информатика ва биологиядан
юксак кўрсаткичларга эришган. Давлат раҳбари таъкидлашича, ушбу ғалабалар Қозоғистоннинг
обрў-эътиборини оширди, таълим тизимининг юқори даражада эканлигини намойиш
этди. Президент болаларни табриклади ва уларнинг ғалабасида педагоглар ҳамда
ота-оналарнинг ҳиссаси катталигини кўрсатиб ўтди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ёш
ҳамюртларимиз ғалабалари шарафига байроғимиз жаҳон спорт ва ижод майдонида
ҳилпираяпти. Мамлакатимизнинг таълим соҳасида ҳам нуфузи жуда юқори. Ўтган
йилдан бошлаб ўқувчилар 30 тадан зиёд халқаро олимпиада ва илмий танловларда
қатнашди, мингтадан зиёд медаль олди, шундан салкам 200 таси олтин, 300 таси
кумуш ва 500 таси бронза. Бундай юқори натижаларга эришилиши мамлакатда таълим
даражаси ўта юқори эканлигини кўрсатади. Биз хорижда Қозоғистон шарафини ҳимоя
қилган ҳар бир вакилимиз билан фахрланамиз.
Қозоғистон
Президенти таълим соҳасига инвестиция киритиш стратегик даражада муҳимлигини
таъкидлади. Инсон капитали – мамлакатни ривожлантиришда асосий
ҳаракатлантирувчи куч. Катта лойиҳалар амалга ошириляпти. Минтақаларда янги
форматдаги «Келажак мактаблари» очиляпти. Ўқитувчи мақоми ошириляпти. «Бўлашақ»
стипендияси туфайли минглаб қозоғистонликлар дунёнинг етакчи олий таълим
даргоҳларида ўқиш имконига эга бўляпти. Келаси йилдан бошлаб халқаро олимпиада
ғолиблари ҳам мазкур дастур асосида билим олиши мумкин.
Қосим-Жўмарт Тўқаев
ўқувчиларга муваффақиятлар тилади, уларга мукофот сертификатлари топширди.
Сўнгра ғолиблар учун резиденция бўйлаб экскурсия ташкил қилинди.
Алихан
Аширханов, биология бўйича халқаро олимпиада бронза медали совриндори:
– Фикримча,
олимпиада иштирокчиси меҳнатсевар, тиришқоқлик қилиши, ўз ишини қадрлаши, ҳеч
қачон таслим бўлмаслиги лозим.
Енлик
Бақитбекова, химия бўйича халқаро олимпиада кумуш медали совриндори:
– Келажакда
илм-фан ривожига ўз улушимни қўшишни, ушбу йўналишда самарали ишлашни истайман.
Абдумалик Сарманов таржимаси

