Қозоғистонда янги турдаги виза жорий этилди. «Neo Nomad» масофадан туриб ишлаётган хорижлик мутахассислар учун мўлжалланган. «Замонавий кўчманчилар»га мўлжалланган визани олувчи шахс мамлакат ташқарисидан ойига камида 3 минг доллар даромад олиши, мамлакат ташқарисида ишга кирган бўлиши ва тиббий суғурта ҳамда судланмагани ҳақида ҳужжат тақдим этиши лозим. «Казах туризм»да маълум қилишларича, агарда 500 нафар шахс ундан фойдаланса, янги виза туфайли олинадиган иқтисодий самара йилига 3 ярим миллиард тенгедан кам бўлмайди. Эслатамиз, бу ташаббус Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг топшириғига кўра ишга туширилди
Даниел Сержанули, «Kazakh Tourism» Миллий компанияси бошқаруви раиси ўринбосари:
– Бу жуда муҳим, дунёнинг 50 дан зиёд давлатида шу тартиб жорий этилган. Замонавий кўчманчиларнинг умумий сони дунё бўйича ҳисоблаганда 35 миллион нафар атрофида. Улар молиявий бадавлатлигини исботласа, уч минг доллар даромад олишини кўрсатса бир йилгача мамлакат ичида қола олади. Ва улар мамлакат ичидаги иш ўринларига дахл қилмаслигини ҳам кўрсатишлари зарур.
Бундан ташқари, Қозоғистонда Digital Nomad Visa жорий этилди. У масофадан ишлашни мўлжаллаган IT-мутахассислари учун мўлжалланган. Дастур виза олишни осонлаштиради, мамлакат ичида 5G ва ер йўлдош алоқаси хизматига боғланиш имконини беради, бизнес юритиши ва инновациявий лойиҳаларда қатнашишини, маҳаллий маданиятга интеграция бўлишини осонлаштиради. Тегишли вазирликда таъкидлашларича, Digital Nomad Visa ишга тушиши мамлакатнинг рақамли кўчманчилар учун халқаро марказлардан бирига айланишини осонлаштиради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.