Қозоғистонда Мамлакат анимацияси ҳафталиги бошланди

Қозоғистонда Мамлакат анимацияси ҳафталиги бошланди

Қозоғистонда Мамлакат анимацияси ҳафталиги старт олди. Астана ва Қарағанди кинотеатрларида мультфильмлар бепул намойиш қилинди. Пойтахтдаги Миллий ҳарбий-ватанпарварлик марказида ва Семей, Ўтар, Сариўзек, Алматидаги олис гарнизонларда ҳам сеанслар ташкил қилинди. Турли ёшдаги томошабинлар тўламетражли ва қисқа метражли фильмлар, сериаллар, эксклюзив премьераларни томоша қилди. «Қозоқфильм» олтин жамғармаси ва Кинони қўллаб-қувватлаш марказига қарашли «Олтин одам», «Қўчқор ва така», «Кенжа қиз» каби мультфильмлар дастурдан ўрин олди. Ташкилотчилар таъкидлашича, бу тадбирдан мақсад — давлат тилидаги сифатли контент билан таништириш ҳамда томошабинлар аудиториясини кенгайтириш. Айни вақтда, мазкур тадбирлар маданият билан боғлиқ саноат ривожланишига, юртимиз муаллифларини қўллаб-қувватлашга, болаларда Қозоғистон мультфильмларига қизиқиш кучайишига хизмат қилади.


Айнур Исаева, «Қозоқфильм» киностудияси қошидаги «Қозоқанимация» ижодий уюшмаси продюсери:


- Шуни ишонч билан айта оламанки, Қозоғистон анимацияси жадал, дадил қадамлар билан ривожланяпти. Ўтган йил лойиҳалари ҳам шундан далолат беради. Унда ўта ёш аниматорлар ўз лойиҳаларини тақдим этди, ўзларидаги ижодий иқтидорни намойиш қилди. Ҳар йили 10 нафар ёш режиссёр ва аниматор лойиҳаси ташкилот ёрдамида бепул молиялаштириляпти.


Абдумалик Сарманов таржимаси