Дунё Наврўз байрамини нишонлади

Дунё Наврўз байрамини нишонлади

Қозоқ колорити билан безанган Наврўз кўплаб давлатларда нишонланди. Москвада Россиядаги Қозоғистон элчихонаси байрам ташкил этди. БХХЮК Қозоғистон павильонида ўтказилган тантаналарда Россиянинг турли минтақаларидан келган қондошлар, талабалар, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари меҳмон бўлди. Улар учун қозоқ маданияти анъаналарини акс эттирувчи концерт дастури тайёрланди.

Наврўз кунларида АҚШда ҳам қозоқ классик ва халқ мусиқалари янгради. Гарвард университетида америкалик мусиқачилар «Япурай», «Дудар-ай» ва «Наз Қўнир» куйларини ижро этишди. Концерт дастурига киритилган халқ куйлари замонавий бастакорлар аранжировкасида ижро этилди. Бундай ўзига хос тақдимот америкалик томошабинларнинг Қозоғистон мусиқаларига қизиқишини оширди. Гарвард Глобал мусиқий архив етакчиси Элизабет Батиюкка машҳур бастакор Қуат Шильдебаевнинг соло скрипка ва торли чолғуларга мўлжалланган «Қаракемер» куйи нота партитураси тақдим этилди. Бу тадбир ҳам АҚШда қозоқ фольклори оммалашиши сари яна бир қадам бўлди.

Баҳорнинг ёрқин Наврўз байрами Афинанинг тарихий марказида, Акрополь яқинида ҳам нишонланди. Қозоғистоннинг Грециядаги элчихонаси ёрдамида ўтказилган тадбир давомида қадимий Эллада заминида меҳмонларга қозоқ таомлари тақдим этилди, ушбу давлатда таълим олаётган қозоғистонликлар дўмбирада халқ куйлари ижро этишди.

Абдумалик Сарманов таржимаси