Қозоғистонда курьер ва таксичилар солиқ
тўлайди. Давлат даромадлари қўмитаси берган маълумотга кўра, улар учун e-Salyq
Business мобиль иловасида пилот лойиҳа ишга туширилди. Солиқ декларацияси
тақдим этиш талаб қилинмайди, пенсия бадаллари, ижтимоий тиббий суғурта
миқдорини интернет-майдонча ҳисоблаб чиқаради. Фойдаланувчилардан бир
фоиз даромад солиғи олиб қолинади. Натижада, таксичи ёки курьер солиқ органлари
билан бевосита тўқнаш келмайди. Бундан ташқари, илова туфайли солиқни
ҳисоблашда ва тўлашда хатоликлар кузатилмайди, молиявий юклама ортмайди. Лойиҳага
қўшилиш учун биринчи навбатда хусусий тадбиркор ёки ходим сифатида мақомни
расмийлаштириш керак. Пилот лойиҳа 1 июлдан ишга тушади.
ГУЛМИРА СМАҒУЛОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ
ВАЗИРЛИГИ ДАВЛАТ ДАРОМАДЛАРИ ҚЎМИТАСИ БОШҚАРМА БОШЛИҒИ:
– Тадбиркорга бевосита мобиль илованинг ўзида чек
берилади. Бу чеклар автомат шаклда иловага ўтади. Тегишлича, автомат шаклда ҳар
бир тадбиркор даромади ҳисобланади. Ва биз қанча солиқ чиқишини ҳисоблай
оламиз. Сўнгра ойига бир марта интернет-майдонча орқали тўланиши керак
бўлган маблағ тўғрисида маълумот берамиз. Яъни солиқ ҳам, ижтимоий тўловлар ҳам
кўрсатилади. Фикримизча, пилот лойиҳада қатнашиш ҳамма учун фойдали, имкон
қадар кўпроқ тадбиркорларни жалб этишни истаймиз. Биз улар учун давлат олдида
турган ҳар қандай турдаги вазифаларини бажаришлари учун имкон қадар
соддалаштирилган махсус майдонча яратиб беришга интилдик.
Бугунги кунда такси агрегаторларидан бири ва ахборот
тизимларини созлаш бўйича интернет-майдончалардан бирининг оператори
билан иш олиб бориляпти. Бу ишлар якунлангач, қозоғистонликлар
кўнгилли равишда пилот лойиҳада қатнаша олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси