Кутилгани келармикин? Соғлиқни сақлаш вазири республикада коронавирус тарқалишига оид янги прогнозини эълон қилди. Алексей Цой таъкидлашича, бу маълумот ҳар икки ҳафтада янгиланиб туради.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:
- Бизнинг ҳозирги прогнозимизга кўра, ижобий сценарий кузатилса, суткасига 6 минг-6 минг 100 та ҳолат юз беради. Августда авж нуқтага етади. Реал сценарийда суткасига 9 минг, вазият оғирлашган тақдирда 11 минг нафаргача бемор рўйхатга олинади. Касаллик тарқалиши динамикасини кузатиб, шундай тахмин қиляпмиз. Шунга яраша шифохоналарда жой тайёрлашимиз, чора-тадбирлар кўришимиз зарур.
Соғлиқни сақлаш вазири Қозоғистонда 12-18 ёшдаги болаларни Pfizer препарати билан эмлаш режасини ҳам тилга олди. Алексей Цой таъкидлашича, ҳозирча жорий йилнинг тўртинчи чорагида 2 миллион доза вакцина келтириш режалаштирилган.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:
- Фақат кўнгилли равишда амалга оширилади, фақат ота-оналар розилиги билан. Биз фақат болаларни эмлатиш имкониятини берамиз. Вазирликка болаларни ҳимоя қиладиган вакцина талаб қилиб мурожаат этилганидан хабардор бўлсангиз керак. Афсуски, ҳозирча биз фақат катталарга бу имкониятни бера оламиз. Бу нарса ота-оналар ихтиёрида.
Абдумалик Сарманов таржимаси