COVID-19 чекинмаяпти. Қозоғистонда эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Матрицага мувофиқ, мамлакат 26 июндан «қизил» зонада. Ҳозир Қозоғистоннинг барча минтақалари таҳликали ранг остида, фақат «сариқ» зонадаги Туркистон вилояти бундан истисно. 3 августга келиб, юқумли касалликлар бўлимлари 56 фоиз, жонлантириш бўлимлари 44 фоиз банд. Ҳукумат йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой маълум қилишича, эпидемиологик вазият оптимистик сценарий бўйича ривожланишда давом этади. Бироқ бунинг учун вакцинация ва карантин шартларига риоя этиш зарур.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
- Маълумотларга кўра, 10 июлдан буён 16 минг 663 нафар қоидабузар аниқланган. Шундан 10 минг 305 нафари «қизил», 6 минг 358 нафари «сариқ» мақомда бўлган. 16 минг объектда аҳоли коронавирус инфекцияси юқтиришининг олди олинди.
Мониторинг гуруҳлари Ashyq тизими асосида ишлаётган объектларни текшириб, 642 та камчиликни аниқлади. Ҳукумат раҳбари Асқар Мамин вазиятни қатъий назоратда тутиш, профилактикани кучайтиришни топширди.
Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Соғлиқни сақлаш вазирлигига барча шифохоналар, бошланғич пунктлар, мобиль бригадалар ва ПЗР-лабораториялар узлуксиз ишлашини таъминлаш, ҳимоя воситалари ва дори-дармон етказиб беришни топшираман. Ички ишлар вазирлиги ва соғлиқни сақлаш органлари санитария-эпидемиология талаблари бузилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича мониторинг гуруҳлари ишини кучайтирсин.
Мутахассислар таъкидлашича, пандемиядан чиқишнинг ягона йўли - вакцинация. Бугунги кунга келиб эмланиш зарарсиз бўлган фуқароларнинг 55 фоизи вакцинанинг биринчи компонентини олди. Салкам 40 фоизи тўла эмланди. Бундан ташқари, яна 8 миллион доза вакцина етказиб бериш ҳақида шартнома тузилди, у 4 миллион одамни тўлиқ эмлаш учун етади.
Абдумалик Сарманов таржимаси