Туркиялик жарроҳлар - юртимизда

Туркиялик жарроҳлар - юртимизда

Юртимиздаги болалар жарроҳлари туркиялик ҳамкасбларидан тажриба ўрганмоқда. Қозоғистон пойтахтидаги 2-шаҳар кўптармоқли болалар шифохонаси базасида маҳорат дарслари ташкил этилган. 3 кун мобайнида бу ерда бир нечта бемор операция қилинади. Улар барчаси хорижда даволаниш учун юборилиши лозим бўлганлар. Мазкур  мастер-класслар туфайли болалар ўз юртида бепул операция қилиняпти. Беморлар орасида 15 ёшли Диас Ақилбай ҳам бор. Унга жигар эхинококкози ташхиси қўйилган. Бу паразит органни аста-секин емиради, жарроҳлик аралашувисиз ундан халос бўлиш имконсиз.

Наризгул Масиғутова, беморнинг онаси:

- Кўкшетауда ўтказилган УТТ пайтида жигарида киста борлиги аниқланди. Пойтахтга йўлланма беришди. Келдик, шу шифохонада чет эллик жарроҳлар мастер-класс ўтказаётганини эшитдик. Бизни қабул қилишди, операция ўтказилди, 30-40 дақиқа давом этди, муваффақиятли тугади. Тиббий муассаса мутахассисларига, шундай имконият яратиб берган давлатимизга ва албатта, турк докторларига миннатдорчилик билдираман.  

Илгари бу каби амалиёт кесиш орқали амалга оширилган бўлса, ҳозир янги  технологиялар шарофати билан бемор жигаридаги паразит кичик тешик орқали чиқариб олинди.

Ринат Байгиреев, 2-шаҳар кўптармоқли болалар шифохонаси раҳбари:

- Ғарб тиббиётига таяниш жарроҳлик амалиётини кесишларсиз, қорин қисмида майда тешик очиш орқали ўтказиш имконини беради. Шунга кўра, бу кичик жароҳат ва болалар учун ҳам фойдалироқ. 

Бурак Тандер, болалар жарроҳи (Туркия):

- Биз ўт-тош касаллиги бўйича операция ўтказдик, шунингдек, жигар кистасини олиб ташладик. Амалиёт жонли эфир орқали кўрсатилди. Кейин эса ҳамкасблар билан бирга жарроҳлик аралашуви пайтида амалга оширилган ҳар бир ҳаракатни батафсил муҳокама қилдик. Яъни бу болалар жарроҳлари учун кўргазмали қўлланма бўлди.

Таъкидлаш жоиз, бундай ўзига хос ҳамкорлик икки давлат ўртасида тузилган меморандум шарофати билан бошланган. Дарвоқе, эндиликда 2-шаҳар кўптармоқли болалар шифохонаси базасида бундай операциялар доимий равишда ўтказилади. Ўқув чоғида бўлиб ўтадиган амалиётлар режаси йил охирига қадар тузилган. Бу эса шундан далолатки, яна ўнлаб кичик беморлар соғлом ҳаёт кечириш имконига эга бўлади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.