Сўнгги икки ҳафта давомида Қозоғистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари 35 фоизга камайди. Умуман олганда, аввал бир ҳафта ичида ўртача 31 минг одам хавфли касалликка чалинаётган бўлса, ҳозир бу рақам 25 минг атрофида. Бугун бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой шундай баёнот берди. Унинг таъкидлашича, БССТ маълумотига кўра ҳам Қозоғистонда пандемия назорат остида. Бундан ташқари, 14 кун ичида республиканинг 5 та минтақаси касаллик тарқалиши бўйича «қизил» зонадан «сариқ» зонага ўтган. Бу - Шарқий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон, Ғарбий Қозоғистон, Жамбил ва Қизил Ўрда вилоятлари. Бу эса Қозоғистонда эпидемиологик вазият яхшиланиб бораётганини кўрсатади.
Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Ҳозирги асосий вазифа: «қизил» зонадаги минтақаларда хасталаниш ҳолатлари барқарор камайишига эришишдан иборат. Бунинг учун эпидемиологик вазият мунтазам назорат остида бўлиши керак. Айниқса, Алмати, Чимкент, Нур-Султон, Қарағанди ва Ақмўла минтақаларида. Янги ўқув йили бошланганини ҳисобга олган ҳолда таълим ташкилотларида санитария меъёрларига риоя этилишига алоҳида эътибор берилсин.
Абдумалик Сарманов таржимаси