Нур-Султон «қизил» зонага киритилди

Қозоғистон пойтахти COVID-19 бўйича «қизил» зонага киритилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган расмий маълумотга кўра, бир кеча-кундузда минтақада 121 та коронавирус юқиши ҳолати аниқланди. Бунинг ортидан қандай чора-тадбирлар кўрилиши ҳозирча номаълум. Аввалроқ шаҳар ҳокими қатъий локдаун эълон қилиш режалаштирилмаётганини айтганди. Лекин коронавирус юқиш ҳоллари ортса, қўшимча чеклов чоралари кўрилиши аниқ.

ЕРЖАН БАЙТАНАЕВ, САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК НАЗОРАТ ҚЎМИТАСИ РАСМИЙ ВАКИЛИ:

- Бугун бош санитар врач махсус қарор чиқарди ва Нур-Султон шаҳри маҳаллий ижро органлари билан биргаликда карантин чораларини кучайтиришга оид ҳар бир банд муҳокама қилиняпти. Аҳоли энг оддий: ниқоб тақиш, масофа сақлаш, тартибга риоя этиш каби талабларга риоя этмагани учун «қизил» зонага кириб қолдик. Одамлар ресторанларда тўйлар ўтказмоқда, шу билан бирга, бошқа минтақалардан келаётган одамлар сони ортгани ҳам таъсир кўрсатди.

Шуни ҳам айтиш керакки, Нур-Султондан ташқари Павлодар вилояти ҳам «қизил» зонада қолмоқда. Минтақада КВИ тарқалиш суръати пасаймаяпти. Алмати шаҳри, Қўстанай, Ақмўла, Шарқий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон ва Атирау вилоятларида вазият бирмунча яхшироқ. Улар «сариқ» зонада. Бошқа минтақалар  нисбатан хавфсиз «яшил» ҳудудда.

Таъкидлаш лозим, ўтган кеча-кундузда мамлакатда яна 777 нафар одам коронавирус инфекцияси юқтиргани аниқланди. Пандемия бошланганидан буён хасталанганлар умумий сони 139 мингдан ортди.