Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Айжан Есмағамбетова маълум қилишича, суткасига 300 нафаргача хасталаниш ҳолатлари кузатиляпти. Эпидемиологик вазиятни баҳолаш матрицасига кўра, республиканинг барча минтақалари «яшил» зонада, лекин касалланиш ҳоллари кўпайишда давом этмоқда. Болалар орасида касал юқтириш ҳолатлари ошяпти. Йил бошидан буён 60 минг нафар кичик қозоғистонлик коронавирусни бошидан ўтказган. Улар беморларнинг 15 фоизини ташкил қилди.
Айжан Есмағамбетова, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:
- Декабрь ойида ноябрга қараганда коронавирус инфекцияси юқтириш ҳолатлари 2,4 марта ошган. Бир кеча-кундузда 300 тагача ҳолат аниқланмоқда. Эпидемиологик вазиятни баҳолаш матрицасига кўра, Қозоғистон Республикаси ва барча минтақалар «яшил» зонада, юқори R кўрсаткичи 13 минтақада рўйхатга олинган. Бу эса инфекция тарқалишда давом этишини, вазият оғирлашиши мумкинлигини кўрсатади.
Таъкидлаш лозим, сўнгги кеча-кундузда коронавирус юқтирганлар сони мамлакатда 230 тадан ошди, 11 нафар фуқарода ковид пневмонияси аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, икки ярим мингдан кўпроқ қозоғистонлик даволаняпти. Шундан 282 нафари стационарларда.
Абдумалик Сарманов таржимаси