Қозоғистонда мактаб ўқувчилари ўртасида тўғизқумалақ бўйича дастлабки жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақалар сентябрь ойида Алматида ташкил этилади. Унда тахминан 20 та давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида мамлакатимиз, шунингдек, Ўзбекистон, Туркия, Руминия, Венгрия, Испания, Қирғизистон, Польша, Монголия, Россия, Туркманистон, Латвия, Чехия ва бошқа давлатлар бор. Беллашувлар икки малака тоифасида - рапид ва блиц бўйича бўлиб ўтади.
Мейрамғази Сапарғалиев, Қозоғистон Республикаси Маданият
ва спорт вазирлиги қошидаги спорт ва жисмоний маданият қўмитаси матбуот котиби:
– Канаданинг iggamecenter.com, Польшанинг playok.com сайти каби
заковат ўйинларига оид халқаро порталларда тўғизқумалақ энг машҳур ўйинлардан бирига айланган. Юртимиздаги IТ-мутахассислар Android ва iOS тизимлари учун махсус илова ишлаб чиққан. Дунёнинг 30 дан ошиқ мамлакатида, масалан, Колумбия, Германия, Франция, Буюк Британия, Чехия, Латвия, Литва,
Бангладеш ва бошқаларда тўғизқумалақ билан мунтазам шуғулланувчилар мавжуд.
Ҳар йили республикамизда спортнинг миллий турлари бўйича ҳар хил даражалардаги
мингдан зиёд беллашув ўтказилади, хусусан,
тўғизқумалақ бўйича ҳам. Бугунги кунда 6 марта жаҳон чемпионати, 6 марта Осиё, 4 марта Европа чемпионати ташкил қилинган. Ҳозирги пайтда тўғизқумалақ ёки, образли айтганда, дашт шахмати билан 200 мингдан ошиқроқ юртдошимиз шуғулланади. Мазкур заковат ўйинини янада кенгроқ оммалаштириш режа қилинган, уни
мактаб дастурига киритиш мўлжалланяпти.
Мейрамғази Сапарғалиев, Қозоғистон Республикаси Маданият
ва спорт вазирлиги қошидаги спорт ва жисмоний маданият қўмитаси матбуот котиби:
- Давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний маданият,
оммавий спорт, жумладан, миллий спорт турларини ривожлантиришга катта эътибор
берилган. Унинг фикрича, шундай аҳамиятли спорт беллашувларининг ўтказилиши тўғизқумалақни
янада кенгроқ танитишга ёрдам беради ва ўсиб келаётган авлодни соғлом турмуш
тарзи ва спорт билан шуғулланишга кўпроқ жалб этади.
Эслатиб ўтамиз, 2006 йилдан бошлаб, тўғизқумалақ бутунжаҳон заковат ўйинлари дастурига киритилган, икки йилдан сўнг Бутунжаҳон федерацияси таъсис этилган. 2020 йилда эса ЮНЕСКО қарори билан қозоқ халқ миллий ўйини тўғизқумалақ инсоният
маданий мероси рўйхатидан жой олди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.