Қозоғистонда автомобиль
йўллари бир баравар кўпроқ хизмат қиладиган бўлади. Янги ётқизиш технологиялари
ва геотекстилдан фойдаланиш туфайли бунга эришиш мумкин. Материал транспорт
йўлларини қуришда энг пастки қатлам сифатида қўлланади. Қозоғистон йўл
илмий-тадқиқот институти олимлари айтишича, геотекстиль грунт сувлари тўпланиб
қолишига ва асос ювилиб кетишига йўл қўймайди. Энг қизиғи, мазкур ашё чиримайди,
химикатларга чидамли, юқори ва паст ҳарорат таъсирида ўз хусусиятларини
йўқотмайди. Энг аоссийси, геотекстиль чуқурчалар пайдо бўлишига тўсқинлик қилади, демакки, трассадаги асфальт ишдан чиқмайди. Янги ётқизиш
технологияси автойўллар қурилишига кетадиган харажатни сезиларли равишда қисқартириш
имконини беради. У туфайли шағал ва қум камроқ талаб этилади. Ҳозирги вақтда Қўнаев-Қурти
трассасининг тажриба қисмида геотекстилдан фойдаланишга доир янги методика
бўйича асфальт ётқизилмоқда. Бироқ, мутахассислар айтганидек, бу ерда энг муҳими, аввалги янги усулларда
бўлгани каби, бутун жараён технологиясига қатъий риоя қилишдир.
Галия Асанова, Қозоғистон йўл илмий-тадқиқот институти лабораторияси раҳбари:
- Йўлларга ётқизилган асфальт-бетон аралашмаси ва бошқа аралашмалар мутлақо сифатли эмас, деб айта олмайман. Буни тасдиқлай олмайман. Чунки улар аксар ҳолларда мос келади. Яъни талабларга. Технология туфайли таъсир қиладиган айрим кўрсаткичларга тўғри келмаслиги мумкин. Ётқизишда технологияларга риоя қилинмаслиги мумкин. Ётқизиш ҳароратига амал қилинмайди, текислаш миқдори, ўтиш жойлари, юкламага риоя этилмайди. Яъни бу жиҳатларни техник назорат компанияси текшириши шарт. Буюртмачининг вакиллари ҳар доим йўлларда бўлиши ва барча кўрсаткичларни текшириши керак, аралашмани тайёрлашдан тортиб, уни топширишгача. Шундагина бизда яхши йўл қуриш мумкин. Фойдаланишга топширганда сифатли материал ишлатилган ҳолатда ҳам, агар у технология асосида ётқизилмаган бўлса, асфальт яроқсиз бўлиб қолади.
Бу қозоғистонлик олимларнинг ягона тадқиқоти эмас. Ҳозирги пайтда институт мутахассислари йўл қурилишида олтингугуртдан фойдаланиш имкониятини ўрганмоқда. Улар айтишича, мазкур кимёвий элемент ёрдамида, мисол учун, мамлакатнинг ғарбий вилоятларида трассалар қурилишига доир муаммоларни ҳал қилса бўлади. Олимлар одатий материаллардан бир неча баробар пишиқ ва мустаҳкам бўлган олтингугуртли шағал олишни ўйлаб топди. Бу барчаси денгиз чиғаноқтоши ва олтингугуртнинг ўзаро таъсири туфайли. Янги материал автотрассалар издан чиқишини секинлаштиради. Юртимиз олимларининг яна бир ишланмаси – битум учун наноқўшимча. Углеродли кукун ашёнинг боғловчилик хусусиятини мустаҳкамлайди ва унинг сифатини яхшилайди. Қозоғистон йўл илмий-тадқиқот институтида таъкидланишича, мамлакатнинг кескин континентал иқлимида бу каби маҳсулотлар соҳа учун айниқса фойдали.
Хуршида Абдуллаева
таржимаси