Қозоғистонда коронавирус инфекцияси белгиларига эга пневмония ҳолатлари сони ортмоқда. Ўтган кеча-кундузда 135 фуқарода шундай ташхис тасдиқланди, 3 одам вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 2020 йил августидан буён жами 52 мингдан зиёд одам бу касаллик билан хасталанган. 757 бемор зотилжамдан жон берди. 51 минг нафар ватандошимиз касалликни енгиб ўтишга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари, ўтган 24 соат ичида мамлакатда 2 минг 696 одамнннг коронавирус юқтиргани аниқланди. Беморларнинг кўп қисми Алматида. Шаҳарда ПЗР-таҳлили натижаларига кўра 667 одамда Covid ташхиси тасдиқланди. Пойтахтда ҳам 471 ҳолат аниқланди. Беморлар сони бўйича 281 одам хасталанган Алмати вилояти учинчи ўринда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, пандемия бошланганидан буён 295 минг ватандошимиз коронавирус юқтирган.
Абдумалик Сарманов таржимаси