3 декабрдан бошлаб, Қозоғистонда «Омикрон» штамми туфайли янги чекловлар амалга киритилади. Уларда коронавируснинг янги тури аниқланган мамлакатлардан келганлар эмланганидан қатъи назар ПЗР-тест топшириши ва бир ҳафталик мажбурий карантинда ўтириши кўзда тутилган.
Яқинда Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус янги штамм тарқала бошлагани туфайли пандемияга қарши кураш чораларини муҳокама қилди.
Айни пайтда, маҳаллий эпидемиологлар Қозоғистонда коронавируснинг янги мутацияланган тури - «Омикрон» пайдо бўлиш хавфи анчагина юқори эканлигини таъкидламоқда. Алмати санитария-эпидемиология назорати департаменти раҳбар ўринбосари Садвақас Байғабулов айтишича, ковиднинг ушбу тури аввалги «дельта»ларга нисбатан анча юқумлироқ. Омикрон 32 та мутациядан иборат, уларнинг айримлари вакцинага ўта бардошли эканлиги айтилмоқда.
Садвақас Байғабулов, Алмати шаҳар бош санврачи ўринбосари:
- Олдинги тажриба кўрсатгани каби, СOVID-19нинг янги штаммлари, ҳаво-томчи йўли билан юқишини ҳисобга олганда, пайдо бўлган давлатидан бошқа мамлакатларга тарқалиши муқаррар. Хавф ҳамиша мавжуд. Шу билан бирга, янги штаммлар эмланмаганларга тезроқ юқади. Шу боис, хасталик тарқалиши учун муҳим тўсиқ – коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмланишдир. Айни пайтда Алмати шаҳрида «Омикрон» штамми пайдо бўлганига оид бирорта белги кузатилмаган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси