Қозоғистонда Конституцияси лойиҳаси муҳокамаси давом этяпти

Қозоғистонда Конституцияси лойиҳаси муҳокамаси давом этяпти

Янги Қозоғистон Конституцияси лойиҳасига мулкнин барча шакллари муҳофаза қилинишини киритиш таклиф этилди. Мавжуд Асосий қонунда фақат давлат мулки ва шахсий мулк ҳақида ёзилган. Бу эса замонавий воқеликка тўғри келмайди, деди Мажилис депутати Азат Перуашев. Унинг таъкидлашича, экспертлар мулкнинг беш-олти турини кўрсата олади. Финляндия, Литва, Латвия, Озарбайжон конституцияларида муниципал шакл кўрсатилган. Хитой, Бразилия, Ҳиндистонникида жамоа ёки кооператив мулки мақоми акс этган. Бугунги кунда инвестиция жалб этиш учун кўчмас мулкнинг мақоми жуда муҳим.

Азат Перуашев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

–  Янги Конституция лойиҳасининг 8-модда 1-бандини қуйидаги тарзда баён этишни таклиф қиламан: «Қозоғистон Республикасида мулкнинг барча турлари тан олинади, кафолатланади ва тенг асосда ҳимоя қилинади». Бундай ёндашув бизнес, жамият ва давлат захираларини янада кенгроқ шаклда иқтисодий айланмага киритиш, иқтисодни диверсификациялаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун шароит яратади.

Асосий қонуннинг лойиҳаси жамиятда кенг муҳокама қилиняпти. Мавжуд Конституцияга кўра, ҳар бир одам эркин ишлаш ҳуқуқига эга. Касаба уюшмалари федерацияси унга «муносиб меҳнатга ҳақли» иборасини қўшимча қилишни таклиф этди. Ташкилот раиси Сатибалди Даулеталиннинг таъкидлашича, мазкур таклиф Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига тўғри келади.

Сатибалди Даулетали, Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси раиси:

– «Муносиб меҳнат» дегани муносиб маошни кўзда тутади. Иккинчидан, муносиб иш шароити. Ҳозирги даврда эрталаб соғ-омон ишга кетган одам кечқурун соғ-саломат қайтиши керак. Биз шундай ҳисоблаймиз. Агарда бу меъёр Конституцияга киритилса, у меҳнаткашлар ва фуқаролар учун мустаҳкам асос бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси