Қозоғистон Президенти Сергей Шойгуни қабул қилди

Қозоғистон Президенти Сергей Шойгуни қабул қилди

Бугун Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, давлатлар ўртасидаги алоқалар кенгайиб боряпти. Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ташрифи турли соҳалардаги силжишни таҳлил қилиш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан келишиб олиш имкониятини берди. Ўз навбатида, Сергей Шойгу Қозоғистон Президентига минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконини бергани учун миннатдорчилик билдирди. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

- Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқалар фаол ривожланяпти. 171 та лойиҳа бўйича келишув бор, шундан 50 тадан кўпроғи ниҳоясига етяпти. Россия бугунги кунда Қозоғистон иқтисодининг асосий инвесторлари қаторидан ўрин олган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа вазирликлари ўртасидаги алоқалар ҳам фаол ривожланишда давом этяпти. 

Сергей Шойгу, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби: 

– Қардош халқларимиз, мамлакатларимиз ўртасида шаклланган муносабатлар энг юқори даражада мунтазам қувват олмоқда. Товар айланмаси ҳажми ва қўшма лойиҳалар кўлами лол қолдиради. Албатта, ўзаро алоқалар икки томонлама муносабатлар билан чекланмайди. Биз Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, ЖХШТ, МДҲ ва ЕОИИ доирасида ҳам фаол ишлаяпмиз. Шу жумладан, Қозоғистон томонидан кўрсатилган лойиҳалар фаол ва муваффақиятли ривожланяпти. 

Абдумалик Сарманов таржимаси